“Ислом нури” дастурининг навбатдаги сонида мўмин-мусулмонларнинг молиявий ибодати бўлмиш закот ҳақида сўз боради. Закотни кимларга бериш ёки бермаслик керак, унинг тартиблари қандай?.. Бу ҳақда Вақф хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов батафсил маълумот берди.

YouTube'да кўриш

Tas-IX'да кўриш

- Мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида динимизнинг яна бир рукнига оид ибодатга бел боғлайдилар. У ҳам бўлса закот масаласи. Закот динимизнинг беш рукнидан учинчи ўринда турадиган, Қуръони каримда ўттиздан ортиқ ўринда зикр қилинган, шулардан 23 ўринда намоз билан баробар қўйилган. 

Закот сўзи “ўсиш”, “поклаш” маъносини билдиради. Моли нисобига етган бой одам закотини ажратса, демак молига барака киради ва ўша моли покланади. Диний таълимот юзасидан таъриф берадиган бўлсак, махсус молдан махсус қисмини махсус одамларга Аллоҳнинг розилиги учун бериш закот дейилади. Бугунги кунда 16 миллион сўм пули бўлиб, ўзининг кундалик харажатидан ҳоли маблағи бўлса, ўша одамнинг бойлиги нисобига етган бўлади. 

Закот нима учун Рамазон ойида белгиланади. Ҳанафий уламоларимизнинг тарғиби бўйича, бу ойда қилинган амалларга бериладиган савоблар кўпроқ бўлганлиги учун мана шу ой белгиланган. Рамазон ойи машҳур ой, бу ойда одамлар унинг фазлини топишга ҳаракат қилишади. Мана шу ойгача инсоннинг бойлик нисоби етган бўлса, у ўз харажатларидан ташқари бойлигининг қирқдан бир қисмини махсус одамларга беради. Махсус одамлар кимлар? Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 60-оятида кимларга закот бериш кераклиги ҳақида баён қилган. Унда саккиз тоифа киши баён қилинган бўлса, бугунги кунда улардан иккитаси мана шу рўйхатдан чиқади.

Бугун ҳар бир инсон бу ибодатнинг фарзлигини, унинг ажр-мукофоти қанчалик буюк эканлигини ҳис қилса, албатта, қизиқади. Биров келиб молингдан закот бердингми, деб эслатиши шарт эмас, чунки бу ибодат. Ибодат бўлганидан сўнг мўмин-мусулмон киши ўзи ҳис қилиши ва уни мукаммал адо қилишга интилиши лозим. 

Вақф хайрия жамоат фонди