Ўзбекистон | 19:48 / 12.06.2018
59638
8 дақиқада ўқилади

Белгиланган муддатгача паспортини алмаштиришга улгурмаган фуқароларга қандай чора кўрилади?

Фото: KUN.UZ

Маълумки, жорий йилнинг 1 июлида эски фуқаролик паспортларини янги биометрик паспортларга алмаштириш муддати якунига етади. Шу сабабли, айни кунларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилувчиларнинг сони ҳар қачонгидан кўра кўпайди. Жойларда аҳолини янги биометрик паспортлар билан ўз вақтида таъминлаш бўйича ишлар қай даражада олиб борилаётгани кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий. Негаки, сўнгги кунларда бу мавзу ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Улар орасида “паспортстол”ларда узундан узоқ навбатлар юзага келаётгани, фуқароларга ўз вақтида хизмат кўрсатилмаётгани каби шикоятлар ҳам талайгина.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИОФМБ М ва ФРБ бошлиғи Муродбек Шадманбековга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Айтингчи, туманда фуқароларга хизмат кўрсатиш қай даражада йўлга қўйилган?

- Охирги пайтда бизга мурожаат билан келаётганларнинг сони нисбатан ошганлиги боис иш тартибига ўзгартириш киритиб, қабул кунлари ва соатларини оширганмиз. Бундан мурожаат қилувчиларнинг узоқ кутиб қолмаслиги ва навбатлар юзага келишининг олдини олиш мақсад қилинган. Шунингдек, кексалар ва ҳомиладор аёлларни навбатсиз қабул қилиш тартибини жорий қилганмиз.

Фото: Миробод тумани ИИОФМБ

Фуқаролик паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш масаласига келсак, раҳбарият томонидан аввалдан берилган кўрсатмалар асосида, бўлимимизда тегишли чоралар кўрилган. Ўз вақтида улгуриш, фуқароларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида бўлим қабулхонасида электрон навбат олиш имконияти яратилган. Шунингдек, фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўз уйларидан туриб ҳам онлайн тарзда навбатга ёзилишлари мумкин. Бу каби қулайликлар нафақат аҳоли, балки ҳодимларимизнинг ҳам ишини анча енгиллаштириб, бир иш куни давомида одатдагидан кўра кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлдик.

Фото: Миробод тумани ИИОФМБ

- Фуқаролик паспортларини алмаштириш тартиби кўпчилик ўйлаганидек мураккаб жараёнми? Умуман, алмаштириш тартиби қандай?

- Эҳтимол, авваллари юртдошларимизда фуқаролик паспортларини олиш ёки алмаштиришда муаммолар бўлгани сабабли уларда бу жараённинг мураккаблиги, ортиқча оворагарчиликларнинг кўплиги ҳақидаги қараш шаклланиб қолгандир. Лекин ҳозирда ҳам шундай деб ўйлаш нотўғри. Ишга янгича ёндашув, яратилган қулайликлар бу каби муаммоларни анча камайтирган. Масалан, илгари эски паспорт билан келган фуқарога янгиси берилгач, уни яшаш жойига рўйхатга қўйиш учун қайта мурожаат қилишига тўғри келарди. Ҳозир бу жараён соддалаштирилган бўлиб, фуқаролар эски паспортлар билан бирга уйнинг рўйхат дафтарчасини ҳам тақдим қилишади. Иккинчи сафар келганларида эса “прописка” қилинган тайёр паспортни олиб кетишади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилган янги хизматга кўра, фуқароларнинг ўз уйига бошқа бир рўйхатга қўйиши учун М ва ФРБга келишларига эҳтиёж қолмади. Энди буни интернет орқали тегишли онлайн шаклни тўлдириб ҳам амалга ошириш мумкин.  

Бундан ташқари, паспортларни олиб кетиш тартибида ҳам қулайликлар яратилган. Мисол учун, фуқароларни суратга тушириб, бармоқ излари олингач, уларга биометрик паспорт берилиши ҳақидаги аризанинг пастки қисмидаги махсус кирқма қисм тақдим қилинади. Унда тегишли код рақамлари бор. Фуқаролар кодни dmp.uz сайтига киритиб паспорт тайёр бўлганлиги ҳақида маълумот олишлари мумкин. Аввалгидек овора бўлиб келиб юрмай, буни уйдан туриб ҳам аниқлаш имкониятига эгалар. Хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаганлар борлигини ҳам ҳисобга олган ҳолда, паспорт тайёр бўлгач фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни ўз вақтида хабардор қиламиз.  

- Қариялар ёки ногиронлиги сабаб келолмайдиганлар ҳам ҳисобга олинганми?

- Албатта. Бу каби вазиятлар учун кўчма станция ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун фуқаронинг яқин қариндошлари ёки МФЙ фаоллари унинг ўрнига тегишли ҳужжатлар ва келолмаслиги сабаби кўрсатилган маълумотномани тақдим қилишлари керак бўлади. Фуқаронинг уй манзили ва телефон рақами ёзиб олиниб, ходимларимиз боришидан бир кун аввал уларни огоҳлантириб қўямиз. Сўнг мобил қурилма билан бориб, фуқаронинг сурати ва бармоқ изларини олиб қайтамиз. Узоғи билан ўн кунлик муддатда биометрик паспортлар ўз эгаларига етказилади.

- Сиз юқорида санаб ўтган қулайликларга қарамай, юзага келаётган айрим салбий фикрлар ҳақида нима дейсиз?

- Тўғри, ижтимоий тармоқларда кўпгина шикоятлар тушди. Билдирилаётган фикр ва гап-сўзларни биз ҳам кузатиб боряпмиз. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўринли деб айта олмайман. Кўриб турганингиздек, қабулхонада одамлар кўп эмас, узундан узоқ навбатларни ҳам учратмайсиз. Чиндан ҳам жойларда М ва ФРБларга мурожаат қилувчилар сони нисбатан ошган. Бироқ буни паспорт алмаштириш жараёни билан боғлаш нотўғри. Аксарият ҳамюртларимиз айнан ёзги мавсумда оилавий сафарларга чиқишини ҳисобга олсак, бу табиий ҳол. Масалан, айни кунларда бизга мурожаат қилувчиларнинг катта қисмини айнан виза ёки вояга етмаган фарзандлари учун паспорт олиш мақсадида келганлар ташкил қилади. Туманимизда фуқаролик паспортларини янгилаш иши ҳозиргача 98 фоизга бажарилгани буни тасдиқлаб турибди.

Фото: Миробод тумани ИИОФМБ

Менимча, кўпчилик юртдошларимизнинг яратилган шарт-шароитлардан бехабарлиги, аҳолининг ўз хақ-ҳуқуқини яхши билмаслиги юқоридаги каби ноўрин гап-сўзларга сабаб бўляпти. Мисол учун, яқиндагина фуқароларнинг мобил телефонларига фуқаролик паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш муддати 2018 йил 1 июлда тугаши ҳақида келган СМС хабарни олайлик. Ишонасизми, “Паспорт алмашар экан”, деб биометрик паспортини кўтариб келганлар ҳам бўлди.

Аҳолини соҳага оид тартиб-қоидалар, янгиликлар билан таништириб бориш бизнинг асосий вазифаларимиздан бирига киради. Раҳбарият томонидан бериладиган кўрсатмаларга асосан, ҳафтанинг профилактика кунларида таълим муассасалари, МФЙларда тушунтириш ишларини олиб борамиз. Негаки, фуқаролар тартиб-қоидаларни яхши билишса, юқоридаги каби тушунмовчиликлар бўлмайди.

- Белгиланган муддатгача паспортини алмаштиришга улгурмаганлар учун қандай чора кўрилади?

- Аввалдан белгилаб қўйилганидек, ўз вақтида улгурмаган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига биноан, энг кам иш хақининг ярмидан уч бараваригача жаримага тортилади. Белгиланган муддатнинг яқинлашиб қолганини ҳисобга олиб, раҳбариятдан якшанба кунлари ҳам фуқароларни қабул қилиш ҳақида кўрсатма олганмиз. Умид қиламизки, туманимизда бу борада муаммолар бўлмайди.

Суҳбат якунида Миробод тумани ИИОФМБ М ва ФРБ бошлиғи ўринбосари Зоҳиддин Сайдалиев фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёни билан таништирди.

Эҳтимол, айрим ҳудудларда чиндан ҳам муаммолар бордир. Нима бўлганда ҳам уларни бартараф қилишда бошқалар тажрибасидан ўринли фойдаланилса, барча М ва ФРБларда юқоридаги каби имкониятлар яратилса, ҳар хил тушунмовчиликлар ортидан келиб чиқаётган муаммоларга, ноўрин гапларга сабаб қолмаган бўларди, деб ўйлаймиз.

Зиёдбек Исмоилов суҳбатлашди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид