Спорт | 18:00 / 12.06.2018
18022
12 дақиқада ўқилади

Красницкий вафотига 30 йил. У қандай футболчи эди?

Фото: Спорт Экспресс

Ўзбек футболи афсоналаридан бири Геннадий Красницкий вафот этганига бугун ўттиз йил тўлди.

Дунёнинг Пелеси, Аргентинанинг Марадонаси, французларнинг Платиниси бор. Франц Баккенбауер ўзининг «Кайзер» лақабига эга бўлишида ҳам асосий ролни майдондаги ажойиб ўйини сабаб бўлган. Акс ҳолда қанчадан қанча мураббийларни кўрмади немис футболи.

Бизнинг Красницкиймиз бор. Биз уни Ўзбекистоннинг 20-асрдаги энг яхши футболчиси деб эълон қилдик. Уни эслаб турамиз.

Геннадий Красницкийнинг болалиги Тошкентдаги «Пишевик» стадионида ўтганди. Ёшлигидан бирга катта бўлган мактабдоши ва қўшниси, келажакдаги жамоадоши Виталий Суюнов уни стадионга етаклаб келганди. Ўшандаёқ ўзида бомбардирлик қобилиятини намоён этиб турган Геннадийнинг «Пишевик» жамоаси мураббийи Ермаков назарига тушиши қийин бўлмади.

«Гена ўшанда ўн уч ёшда эди. Унинг гол уриш маҳорати мени ва бошқаларни ҳайратга солди. Айнан унинг ҳаракатлари туфайли жамоамиз 1954 йилдаги барча мусобақаларда ғолиб чиққанди ва деярли барча голларни Гена урганди», -деб хотирлайди Г.Ермаков.

1956 йилда «Пахтакор» сафида илк учрашувини ўтказган қаҳрамонимиз жамоанинг етакчисига айланди ва 1960 йилда собиқ Иттифоқ олий лигасига олиб чиқди.

Ўша мавсум Красницкийга аталди. Ўша мавсумда «Пахтакор»нинг дастлабки ўнта голини фақат Красницкий урганди ва бутун мавсумда 19 тўп киритиб, олий лига бомбардирлари орасида иккинчи бўлди. Кейинги мавсумда ҳам у 20та гол урди. У ҳақида мураббий Келлер шундай деганди: «У футболда ҳамма нарсани биларди ва қила оларди. Унинг маҳорати шу даражада эдики, менимча, биз унинг бор салоҳиятининг учдан бирини ҳам кўрмаганмиз».

У мамлакатнинг турли терма жамоаларида ўйнади. Айниқса, унинг мамлакат терма жамоасидаги иккинчи голи ақл бовар қилмас воқеалардан бири сифатида тарихга кирди.

«Учрашувнинг 82-дақиқаси эди, дарвозадан чамаси йигирма метрлар масофада Лобановскийни чалиб йиқитишди. У менинг олдимга келди ва «Гена, сен теп» деди», дея эслайди Красницкий.

Эртаси куни маҳаллий «Коррео» газетасида қўйидаги сўзлар босилиб чиқди: «Агар тўп дарвозабонга текканида, «Кристал» жамоаси бошқа дарвозабон излашига тўғри келарди».

Зарба шунчалик кучли эдики, дарвоза тўрини тешиб ўтиб кетганди. «Кристалл» мураббийи Диди гол бўлмаганини айтганда ҳакам иккиланиб қолади. Дарвоза тўридаги тўп ҳажмидаги тешик барчасига ойдинлик киритади.

1966 йилда, Москванинг «Спартак» дарвозасига ҳам у ажойиб гол киритганди. Майдон марказида меҳмонлар дарвозаси томон жарима тўпи белгиланади. Геннадий тўпни тепишга ҳозирланади ва узоқ вақт тайёргарлик кўради. Унинг кучли зарбасидан хабардор бўлган рақиб ўйинчиларидан бири жонли девор ўрнатишга ҳаракат қилади. Аммо, дарвозабон Владимир Маслаченко жонли девор шарт эмаслигини айтади. Красницкий узоқдан югуриб келади ва унинг кучли зарбасини Маслаченконинг жон-жаҳди билан ташланиши ҳам қайтара олмайди.

«Спартак»нинг ўша пайтлардаги сардори Геннадий Логофет хотирлайди: «Унинг дарвозамизга майдон марказидан тўп киритганини яхши эслайман. Ўшанда ҳеч ким Маслаченкони айблай олмаганди. Чунки, бундай зарбалар қайтариб бўлмас тоифага кирарди».

Эътибор беринг, майдон марказидан тепилган зарба ҳақида гап бормоқда!.

Унинг жарима тўплари ҳақида таниқли журналист Лев Филатов ҳикоя қилади: «Тўпни узоқ вақт жойига ўрнатарди, анча узоққа тисланарди. Зарба бериш учун югуришни бошлаганда, гўёки ер қимирлагандек бўларди, томошабинлар жим қолишарди. Дарвозабон асабийлашишдан ўзини тўхтата олмас, жонли девор эса «сочилиб» кетишга тайёр турарди ва кўпинча шундай бўларди - футболчилар ҳар тарафга тарқаб кетишарди. Тўпнинг учиши деярли кўринмасди ва агар, тўғри борса, аниқ гол бўларди».

1997 йилда Москвада чиқарилган футбол энциклопедиясида у ҳақида қуйидагилар ёзилган: «60-йиллардаги «Пахтакор»нинг етакчи ҳужумчиси. Ўз даврининг энг серқирра футболчиларидан бири. Жисмонан бақувват бу футболчи ўзининг қатъияти ва тўп учун курашувчанлиги билан ажралиб турган. Фаолиятининг дастлабки йилларида ўзининг тезлиги, кучли зарбаси ва таранлик хусусиятлари билан муваффақият қозонган бўлса, кейинчалик, тактик томондан ҳам салоҳиятини намойиш эта олди. Жарима зарбалари устаси».

Ҳақиқатан ҳам у фаолиятининг дастлабки қисмида таран футболчи сифатида эътибор қозонди ва йигирма саккиз ёшида футболни тарк этди. Чунки, унинг тезлиги ва кучи бироз йўқолган ва гол уриши қийинлашиб қолганди. Ўша пайтларда юздан ортиқ тўп киритган футболчилар аъзо бўладиган Федотов клубига криш учун атиги еттита гол қолган бўлса-да, у ўйнашни хоҳламади. 1968 йилги мавсумни «Пахтакор» Геннадийсиз бошлашга мажбур бўлди.

Ўша пайтларда «Динамо» (Минск) Мустигин деган ҳужумчи ўзини кўрсата бошлади. Биринчи даврада энг кўп тўп киритган 31 ёшли футболчи қўйидаги маънода интервью беради: «Ҳужумчи нафақат юқори тезлик ва зарбага, балки техникага ҳам эътибор қаратиши лозим. Масалан, Тошкентда Красницкий деган футболчи бор эди. Асосан ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва зарбаси туфайли яхши ўйнаб юрганди. Ёши ўтиб, унда кучли зарба ва тезлик пасайгач, ҳеч нарса қила олмади ва уни ҳозир футболимизда кўрмаяпмиз. Мен эса техник жиҳатдан кучли бўлганим учун ўттиз бир ёшда бўлсам ҳам гол уришда давом этяпман ва албатта Федотов клубига аъзо бўламан».

Гена бу сўзларни эшитганми ёки йўқми, билмадим, аммо ўша мавсумнинг иккинчи давраси олдидан у яна машғулотларга киришди. Энди у бошқача эди. У кўпроқ плеймейкерлик хусусиятларини намойиш эта бошлади ва яхшигина техника соҳиби эканлигини кўрсатиб қўйди. «Пахтакор»нинг ўйини Абдураимовга қаратила бошлаганди ва Геннадий бу схемада ҳам йўқолиб қолмади. Жарима зарбалари эса ҳамон ўша-ўша эди. Шу тахлит у яна уч йил ўйнади, киритган голлари сонини юзтадан ошириб ўша клубга ҳам аъзо бўлди, Мустигин эса майдонда ва тарихда йўқолиб кетди.

Келинг, замондошларининг у ҳақидаги фикрлари билан танишайлик:

Владимир Перетурин: «У шундай футболчи эдики, мухлислар уни томоша қилгани боришарди. Унинг зарбалари ҳақида афсоналар, латифалар тўқиларди, футболда «Красницкий муаммоси» деган масала долзарб бўлиб, ҳар қандай рақибни таҳликага соларди. У футболда энг ёрқин изларни қолдирди»

Анатолий Бишовец: «Тошкентликлар билан ўйин олдидан, барча тренерлар Красницкий тўп сурадиган жамоага қарши бир дақиқа бўлса ҳам бўшашмаслигим лозимлигини уқдиришарди. У бир ўзи учрашув тақдирини ҳал қила оларди ва барчасини кутилмаганда қиларди - финт, пас ва асосийси зарбани».

Константин Бесков: «Менга бу йигит ёқарди. У фақат бомбардир эмас, тактик жиҳатдан ҳам кучли эди. Менимча, у Европанинг ҳар қандай кучли клубида ўйнаб кета оларди.

Вячеслав Кольцов: «У ўзининг йирик гавдаси ва қўпол нутқи билан ҳам нозик қалб эгаси эди. Уни хафа қилиш жуда осон эди»

Ҳа, азизлар, биз уни хафа қилгандик. У футболдан кейин аянчли ва ачинарли ҳаёт кечирди ва ичкилик орқасидан вафот этди. Авиаҳалокатга учраган пахтакорчилар ҳақида кўп ёзамиз, хотирлаймиз. Камида йилда бир маротаба. Айбдорларни излаймиз. Ўзимизни жабрланувчидек тутамиз, ўшалар ўлмаганда футболимиз янада ривожланарди, чемпион бўлардик, деймиз ҳаммага. Нега биласизми? Чунки, улар ўйнаб турган пайтларида вафот этишган. Яъни улар бизга майдонда керак эди. Улар биз учун футболчи эдилар, шу холос. Инсон сифатида ҳеч ким.

Рад этманг. Ноҳақ бўлсам, нега Геннадийни асрай олмадик. Уни фақат майдонда олқишладик. Кейинчи? У бир футболчи эди. Уни дунё бўйлаб кўз-кўз қилишни билардик, аммо, майдон ташқарисида у бизга керак эмасди. У авваламбор инсон эди, ёшлигини, болалигини етимликда, камбағалликда ўтказганди. Унинг бир тепиб, дарвоза тўрини тешганини ҳамма гапирарди-ю, жаҳон урушида отасидан айрилганини, онаси ёлғиз ўғилни боқаман деб не куйларга тушганини кўпчилик билмасди. Уни хотини ташлаб кетганди. У айта олмасдики, «ҳурматли раҳбарлар, мураббийлар, футболни тарк этсам нима бўлади, оиламни қандай боқаман?», деб.

У футболни севарди. «Пахтакор»ни севарди. Тошкентни севарди. Аммо, бунинг учун ҳеч нарса талаб қилмасди. У бор кучини ўзи туғилиб ўсган ватанининг равнақи йўлида сарфлади ва мухлислар олқишига сазовор бўлди. Фаолиятидаги барча голларини у фақат «Пахтакор» таркибида киритди. Айнан шунинг учун ҳам, Собиқ Иттифоқда унга бироз панжара ортидан қарашарди. Айби нима эди? У кўпгина, ҳатто, ўзидан анчагина истеъдодсизроқ бўлган футболчилар йўлини тутмади. Уни қўлга киритиш учун Киевнинг ҳам, Москванинг ҳам «Динамо»лари, ЦСКА жамоалари қанчалик ҳаракат қилганликларини тасаввур қилишимиз мушкул.

Аммо, Гена фақат битта байроқни, битта клубни тан оларди. Унинг даражасига чиқиб, бундай йўл тутганларни бутун футбол тарихини титкилаб ҳам топа олмайсиз. У барча рекордларини «Пахтакор» дафтарига ёзиб қўйди. Унинг учун футбол касб эмасди, футбол бу минглаб мухлислар қувончи эди ва бу қувончнинг бир бўлаги унинг елкасида эканлигини биларди.

Мен юқорида бежиз Пеле-ю Платиниларни эсламадим. Уларни қанчалик қадрлашяпти кўринг. Чунки улар талаб қилишни биладилар. Инсон қизиқ, футболчи майдонда қийналса, сабаб ахтарамиз, талаб қиламиз, маслаҳат берамиз. Уни йиқитган ҳимоячини сўкамиз, ҳакамни айблаймиз, захирада қолдирган мураббийдан аламимизни оламиз. Аммо, ҳаётда қоқилсачи? Уни турғазиб қўймаймиз. Айбдорни қидирмаймиз, маслаҳат ҳам бермаймиз, ачиниб қўямиз холос. Чунки, биз унинг анор сиққандек барча сувини сиқиб шарбатини олиб бўлганмиз, энди у кераксиз буюмга айланган бўлади. Ачиниб қўямиз.

У футболдан кетди. Пойтахт кўчаларида бемақсад кезди. Уни мухлислар таниб қолишар ва олдига югуриб келишарди. Нима учун? Юлдузнинг «тириги»ни кўриш учун, у билан бир стакан ароқ ичиб, мақтаниб юриш учун. Бечора Гена эса, текин ароқ топилганидан хурсанд бўларди. Унинг тақдири футболга беғубор муҳаббат қўйган Гарринчанинг фожиаси каби интиҳо топди. Роппа роса 30 йил аввал, у орамиздан кетди – юқори қаватдаги меҳмонхона хонасидан ўзини ташлаб юборди...

Қаҳрамон Асланов