Олий маълумот – бу муваффақиятга эришиш йўлидир. Таълимий хизматлар бозорида мавжуд магистрлик дастурларидан қайси йўналишни танлаган маъқул?
Ушбу масала ва магистрлик дастурларининг истиқболлари ҳақида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) магистрлик курслари раҳбарлари Зиёдулла Парпиев, Хасан Сайфутдинов ва Рустам Абдураупов билан суҳбат бўлиб ўтди.
ТХВУда магистратура курслари тарихи 2006 йилда Халқаро Бизнес ва Менежмент (MA in International Business and Management) йўналишида биринчи магистратура курсининг ташкил қилиниши билан бошланган. Бугунги кунда халқаро бизнес дастурига қўшимча равишда университет Амалий иқтисодиёт ва Халқаро тижорий ҳуқуқ каби мутахассисликлар бўйича магистрлик дастурларини таклиф қилади.
Ушбу дастурлар қандай соҳаларда мутахассисларни тайёрлайди?
Ҳар бир дастур ўзига хос ўрнига ва мақсадига эга бўлиб, ушбу дастурлар нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда талаб қилинадиган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Зиёдулла Парпиев (“Амалий иқтисодиёт” курсининг раҳбари):
Амалий иқтисодиёт бўйича магистрлик дастури ўз фаолиятини халқаро ташкилотлар, хусусий корхоналар (инвестицион банклар, консалтинг компаниялари ва бошқалар) ҳамда инвестицияларни жалб қилиш бўйича давлат идоралари, вазирликларда иқтисодий таҳлилчи сифатида амалиёт юритмоқчи бўлганлар учун мўлжалланган.
Талабаларимиз замонавий иқтисодий муаммоларни тушуниш қобилиятини ривожлантириб, илғор билимлар ва давлат сиёсатини таҳлил қилиш усулларини ҳамда унинг бизнес тузилмасига таъсирини амалда қўллашади. Улар маълум бир мамлакатда иқтисодий ўсишни қай тарзда амалга ошириш, компаниянинг муайян бозорга чиқиши ёки чиқмаслиги, корхоналар учун норматив-ҳуқуқий базани ўзгартириш натижалари қандай бўлиши каби масалалар ечимини топишлари мумкин.
















