Жорий йилнинг 13–15 май кунлари юртимиз бўйлаб ёғган тинимсиз ёмғир оқибатида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида кучли сел оқими кузатилди. Сел оқибатида турли талофатлар етказилди, ҳатто Қашқадарё вилоятида беш нафар инсон нобуд бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги табиий офатни бартараф этиш ва аҳолига ёрдам бериш мақсадида турли чора-тадбирлар ўтказди, бошқа вилоятлар ушбу табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишди.
Бироқ табиат барибир ўз сўзини айтди: кўпларнинг ҳовли-жойи бузилди, дарё ўзанлари қум ва тошларга тўлиб, суви улар остида қолиб кетди, кўприклар носоз ҳолатга келди. Энг аянчлиси сел тошган ҳудуд аҳолиси бундан қаттиқ азият чекди ва айтиш мумкинки, бу ҳол ҳамон давом этмоқда. Буни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган Хонақа, Хачиручди ва Ҳасантепа қишлоқлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Сувсиз қолган қишлоқ ва чиқиндига тўла ҳовуз
Мазкур қишлоқлардан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушгач, биз у ерларда бўлдик. Тоғли ҳудудда ва сел йўлида жойлашган мазкур жойлар табиий офатдан анча талофат кўрган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, дарё ўзани сел оқизиб келган тошларга тўлган, оқибатда ушбу қишлоқларда тоза ичимлик сувининг ягона манбаи тамоман қуриган.


— Бизнинг дарёда 100–200 йилдан буён бундай тошлар бўлмаган, — дейди фуқаролардан бири. — Ота-боболаримиз ҳам бундай селни кўришмаган. Сел қишлоғимизга 14 май куни тунги соат 3:00 лар атрофида ёпирилди. Уч хонали жиҳозланган уйим бор эди, уни вайрон этиб кетди. Бошқаларнинг чорваси ҳам нобуд бўлди. Эртаси куни фавқулодда вазиятлардан ҳам, ҳокимликдан ҳам вакиллар келишди, сизларга ёрдам қиламиз, дейишди. Аммо шу пайтгача ҳеч нарса қилиб беришмади. Бир ой бўляпти, ичимлик суви йўқ. Жуда қийналиб кетдик. Санитария қоидаларига тўғри келмайдиган, ўзимизнинг ҳовузда сақланаётган сувни қайнатиб ичаяпмиз.
Биз мазкур ҳовузни кўриш учун хонадонлардан бирига ташриф буюрдик. У ерда анчагина катта ҳовузда сув тўпланган бўлиб, айни дамда маҳаллий аҳоли мана шу ердан рўзғори учун сув олар экан. Сув аниқ тоза эмас, бу сувни қайнатилган тақдирда ҳам ичишга яроқли, деб айтиш душвор. Уни тасвирга олаётган чоғимизда челак кўтарган аёл ҳовуз ёнига яқинлашди.










































