Жаҳон | 22:41 / 18.06.2018
14916
2 дақиқада ўқилади

Москвада пиёдаларни уриб юборган таксичи ҳибсга олинди

Фото: АГН "Москва" / Сергей Ведяшкин

18 июнда Москванинг Таганка суди шаҳар марказида пиёдаларни уриб юборган таксичини 2 ойга ҳибсга олишга қарор қилди.

Қирғиз миллатига мансуб, Чингиз Анарбек ўғли исмли таксичи 16 июнда Ильинка кўчасида йўл четидан кетаётган пиёдаларни уриб юборган. Оқибатда 7 киши жароҳат олган. Таксичи воқеадан кейин қочишга уринган, бироқ ушлаб олинган. 

Тергов айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уни 2 ойга ҳибсга олишни сўраган. Айбланувчи 16 августгача панжара ортида ўтиради.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан бўлган айбланувчи судда ўз айбини тўлиқ тан олган ва бўлган воқеадан пушаймондалигини айтган. Унинг айтишича, у бир ой аввал таксига ишга ўтган ва қарзларидан қутулиш учун тинимсиз ишлаган. Машинани эса ижарага олган бўлган.

Айбланувчининг айтишича, у бир неча кун давомида тўлақонли уйқу билмаган ҳолда ишлаган ва воқеа вақтида толиққани сабабли газ ва тормоз тепкиларини адаштириб қўйган. 

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари ҳамюртлари ёнини олиб, Россия Жиноят кодексига кўра, агар воқеа оқибатида одамлар соғлиғига оғир шикаст етмаган бўлса, жиноий иш қўзғатилмаслиги кераклигини мактуб орқали билдиришган.  

Қирғиз дипломатларининг фикрича, таксичи маъмурий тартибда жазоланиши лозим. Уларнинг таъкидлашича, айбланувчи ҳар қандай шароитда ҳам ҳибсга олинмаслиги керак. Қирғизистон элчихонаси айбланувчига уй қамоғи белгиланса, унга вақтинчалик бошпана беришга тайёрлигини билдирган. Эркакнинг ҳимояси бу таклифни қўллаб-қувватлаган. 

Тергов ўз навбатида айбланувчи тергов изоляторига жойлаштирилмаса, жумладан хорижга қочиб кетиши мумкинлигини айтган. Айбланувчининг ўзи эса йўл транспорт ҳодисасидан кейин “оломон уни ўлдириб қўйиши мумкинлигидан қўрқиб, қочишга тушганини” айтган.

Россия Жиноят кодексига кўра, айбланувчига 2 йиллик қамоқ жазоси берилиши ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид