19:41 / 19.06.2018
6949

Дунёдаги барча миллионерларнинг умумий бойлиги 70 триллион доллардан ошиб кетди

Дунёдаги барча доллар миллионерларининг умумий бойлиги 2017 йилда 10,6 фоизга кўпайиб, биринчи марта 70 триллион доллардан ошиб кетди. Бу ҳақда Capgemini SA шарҳида маълум қилинган.

World Wealth Report’нинг ҳар йиллик ҳисоботига кўра, ўтган йил миллионерлар сони 1,6 млн кишига кўпайган. Бунда янги миллионерларнинг 4 дан 3 қисми Шимолий Америка ва Осиё-Тинч океани минтақасига тўғри келган. 

Инвестиция қилган активлари камида 1 млн долларга баҳоланувчи одамлар сони Шимолий Америкада 5,66 млн кишини, Европа - 4,83 млн киши, Осиё-Тинч океани минтақаси - 6,18 млн киши, Яқин Шарқ - 660 минг киши, Лотин Америкаси - 600 минг киши, Африкада 170 минг кишини ташкил қилмоқда. 2017 йил охирида АҚШ, Германия, Япония ва Хитойда дунёнинг барча миллионерларининг 61,2 фоизи яшаган. 

Осиёлик миллионерларнинг умумий бойлиги 21,59 трлн долларга, шимолий америкаликларники 19,79 трлн долларга, европаликларники эса 15,85 трлн долларга баҳоланган.

Миллионерлар бойлигининг деярли учдан бир қисми акцияларда (30,9 фоиз), бироз камроғи пул ва унинг эквиваленти кўринишида (27,2 фоиз), 16,8 фоизи кўчмас мулк кўринишида сақланади. 

Таъкидланишича, 2025 йилга келиб доллар миллионерларининг умумий бойлиги 100 трлн долларгача етиши мумкин. Бу 2006 йилги кўрсаткичдан деярли 3 баробар кўпроқ демакдир. 

World Wealth Report ўз ҳисоботини тузишда ҳиссасига дунё ялпи миллий даромадининг 98 фоизи ва глобал фонд бозорлари капиталлашувининг 99 фоизи тўғри келувчи 71 та давлатдан олинган маълумотлардан фойдаланади.

Top