Ўзбекистон | 08:16 / 27.06.2018
1701
3 дақиқада ўқилади

Солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари белгиланди

Фото: Pixabay

Ўзбекистон Республикаси президенти «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади

Ҳужжат билан давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг қуйидаги асосий мезонлари белгиланди:

давлат солиқ хизмати органлари ишининг сифатини қониқарли баҳолайдиган солиқ тўловчилар, шунингдек, уларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларнинг сони;

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг умумий суммаси;

хронометраж ва кўздан кечириш натижалари бўйича аниқланган давлат бюджети даромадларини ошириш захиралари суммаси ва уларни ундириш даражаси;

паспортлари тузилган солиқ тўловчиларнинг сони;

ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишининг тўлиқлиги ва солиқ қарздорлигининг пасайиш даражаси;

давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларда “шахсий кабинет”дан фойдаланиш даражаси;

электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотларни қўллаётган солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан қуйидаги суммаларнинг 10 фоизига қадар миқдорда мукофотланиши белгиланди:

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

бир ой мобайнида хронометраж ва паспортлаштириш натижаси бўйича аниқланган, солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқ;

солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда якуний натижаларга эришишдан келиб чиқиб давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ва уларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини тасдиқлайди.

Махсус жамғармага солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий санкциялар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарималар суммасидан ажратмалар миқдори 25 фоиздан 40 фоизга оширилсин, бунда қўшимча тушадиган маблағлар ходимларни шахсий мукофотлашга мақсадли йўналтирилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид