Ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлардан асоссиз равишда маблағлар ечиб олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.
«Биздан 200 миллион атрофида ноқонуний пул ечиб олишди, ўзим аудиторман, ҳамма ташкилотларда шу аҳвол», – деб ёзган мурожаатчилардан бири.
Давлат солиқ қўмитаси электрон солиқ хизматлари (my3.soliq.uz) тизимида техник носозлик кузатилаётганини маълум қилди.
Қўмита шу сабабдан порталда солиштирма далолатнома бўйича солиқ қарздорлиги пайдо бўлиши, маблағ ечиб олиниши ва бошқалар каби вақтинча нотўғри маълумотлар акс этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Вазият назоратга олинган. Ҳозирда мутахассислар мазкур муаммони бартараф этиш устида ишламоқда. Носозликлар бартараф этилгач, барча маълумотлар тикланади, нотўғри ечилган маблағлар қайтарилади. Тушунганингиз учун раҳмат!» – дейилади қўмита расмий муносабатида.










