Жамият | 20:42 / 28.06.2018
4695
7 дақиқада ўқилади

Адвокатура институти ислоҳотга муҳтож. Мавжуд муаммолар ва ечимлар

Фото: pixabay

Жорий йилнинг 12 май куни “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5441 сонли президент фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат адвокатура фаолиятини профессионал кўринишга олиб келиши лозим. Бу институт фаолияти билан боғлиқ камчилик ва муаммолар талайгина. Соҳа мутахассиси сифатида мавжуд камчиликларни санаб ўтамиз. Уларга ечим беришга ҳаракат қиламиз.

Амалдаги қонунлар қачон қабул қилинган?

Ҳозирги кунда адвокатура соҳаси 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йил 25 декабрдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Қонунлар қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Соҳа ислоҳотларга муҳтож. Ҳозирги кунда адвокатлик муносабатларида ишлатилаётган терминлар мазкур қонунларда келтирилмаган ва изоҳ берилмаган (адвокат сўрови, илтимосномаси, шикояти, таклифи, музокара нутқи, эътирозномаси, мулоҳазаси ва б.) .

Оддийгина мисол, адвокатлик сўрови нима, шакли, жавоб бериш муддатлари қандай бўлиши керак, сўровга вақтида жавоб берилмаган тақдирда уларга қўлланиладиган ҳуқуқий жавобгарлик масаласи кабилар белгиланмаган. Бундай камчиликлар адвокатлик муносабатларида тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Инсонлар ёзилган қонунларни устун кўришади, бўйсунади. Шунингдек, давлат мансабдор шахслари ҳам.

Адвокат сўрови пуллик, прокурорники бепулми?

1994 йил 3 ноябрдаги “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги 533-сонли Давлат божи ставкалари тўғрисидаги қарорга кўра, суд қарорлари ҳар бир ҳужжат варағига бож тўланганидан сўнг берилмоқда. Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддаларида жиноят иши материалларидан нусха олишга ҳақли эканлиги билдирилган. Нусха учун пул тўланиши назарда тутилмаган. Бошқа кодексларда ҳам худди шу тартиб белгиланган.

Прокуратура тўғрисидаги қонуннинг 6-моддаси 3-қисмига кўра, прокуратура органлари ўз вазифасини амалга оширишлари учун зарур бўлган ахборот-ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари мазкур органларнинг талабига мувофиқ бепул берилади дейилган. Нега? Адолатни таъминлаш учун адвокатура институтига ҳам бепул бериладиган қилиш мақсадга мувофиқ эмасмикин?

Адвокат сўрови нотариус томонидан жавобсиз қолдириладими?

Нотариат тўғрисидаги қонуннинг 18-моддасида нотариус мажбуриятлари белгиланган. 

Нотариус суд прокуратура тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) беришга мажбур. 

Адвокат сўрови эса қонунда белгиланмаганлиги сабабли рад этиб келинмоқда. Ишни адолатлилигини таъминлашга хизмат қилувчи омиллар ҳисобга олинмаяпти. 

Адвокат ишга киришиши учун 24 соат муддат озми?

Жиноят процессуал кодексининг 50-моддаси 3-қисмида, танланган ҳимоячининг 24 соат ичида ишда иштирок этишга киришишга имконияти бўлмаган ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёхуд уларнинг қариндошларига бошқа ҳимоячини таклиф этишни ёки ҳимоячи тайинлашни сўраб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаларига мурожаат қилишни тавсия этади. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи танланган ҳимоячи исталган вақтда ишда иштирок этишга киришишга ҳақлидир дейилган.

Хориж тажрибасига эътибор берилса, бу муддат Европа давлатларида 2 сутка, Америка давлатларида 3 сутка, яна бошқаларида (мисол учун, Россия Федерациясида) 5 сутка қилиб белгиланган. 

Амалиётдан келиб чиқиб айта оламизки, бизда ҳам 3 сутка белгиланиши мақсадга мувофиқ. Чунки 3 сутка шахс ҳимоясини белгилаш учун етарли бўлиб, ўзи истаган адвокатни олиш имконига эга бўлади. Адвокат билан бемалол учрашиб, юридик ёрдам кўрсатиш юзасидан шартнома туза олиш имконияти вужудга келади. 

Нега адвокатдан ордер қайта-қайта сўралади?

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисмига мувофиқ, адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг йўл қўйилади.

Бунда адвокат муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этиб, дастлабки тергов давомида иштирок этди. Дастлабки тергов тамомланиб, иш биринчи инстанцияга юборилди. Биринчи инстанцияда иш кўриш бошланишидан олдин дастлабки терговда қатнашган адвокат иштирок этиш учун киришмоқчи бўлса, яна ундан ордер сўралади. 

Ёки биринчи инстанция судида қатнашган адвокат апелляция ёки кассация судида қатнашмоқчи бўлса, ундан сўнг назорат инстанция судида қатнашмоқчи бўлса, ҳар бир инстанцияга янги ордер сўралади. 

Ваҳоланки, ҳозирда адвокатлар фойдаланиб келаётган ордер шаклида аниқ инстанциялар ёзилмаган, кўрсатилмаган. Шу каби ҳар бир инстанцияда янги ордер талаб қилиш амалиёти фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд процессларида ҳам давом этиб келмоқда. 

Бироқ процессуал қонунчиликда ҳар бир босқич учун янги ордер тақдим этилиши борасида процессуал нормалар мавжуд эмас. Бу каби ҳолатларни олдини олиш ва ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш учун процессуал нормаларда адвокат бир маротаба ордер бериши тартибига аниқлик киритилиши керак.

Маҳкумларни ким ўйлайди? Интизомий жазо олаётган вақтида адвокат ҳимоясига муҳтож

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллаш жараёнида адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи қонуний белгилаб қўйилиши керак. 

Жазони ижро этувчи муассаса маъмурияти томонидан назорат остидаги маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш амалиёти мавжуд. Бунда маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган муассаса раҳбарининг ёки уни назорат қилувчи мансабдор шахсларнинг хоҳиш-иродаси етарли бўлади. 

Шундай амалиётга чек қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига тегишли қўшимча нормалар киритилиши лозим бўлади. 

Адвокат инсон ҳимоячиси. Юқоридаги масалалар эса жуда муҳим. Адвокатура институти ҳам ҳақиқий ислоҳотга муҳтож. Қонунчилик ташаббусига эга шахслардан албатта мазкур таклифлар бўйича ўз мулоҳазаларини кутиб қоламиз. Барчамизнинг асосий мақсадимиз эса давлатнинг профессионал фаолиятини юргазиш ва бу йўлда унинг механизмларини максимал даражада ишлашини таъминлаш.

“Justice chamber” адвокатлик фирмаси 
Абдумалик Абдуллаев ва Хуршед Рустамов

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид