Ўзбекистон | 10:08 / 28.06.2018
7641
2 дақиқада ўқилади

Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгиланди:

оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;

замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;

оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;

оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази:

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ҳамда тизимли мониторинги, уларнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминлайди;

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўради;

зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий экспертларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб қилади.

Мавзуга оид