Жамият | 18:07
5197
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик қиз келинлик уйига 800 та китобдан иборат сеп билан борди

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманига Андижондан келин бўлиб тушган Насибахон Иброҳимованинг сепи ижтимоий тармоқларда олқишларга сазовор бўлмоқда. У келинлик уйига 800 та китоб билан борган.

Фото: Оиланинг шахсий архивидан

Турмуш ўртоғи Миржалол Маҳмарайимовнинг Kun.uz'га айтишича, бўлажак рафиқаси билан бир неча йил биргаликда китоб йиғишган, тўйдан кейин эса жуфтликнинг қўшма кутубхонасидаги китоблар сони 1,5 мингтага етган.

“3 йил севишдик, бирга китоб ўқидик, бирга китоб йиғдик. Онлайн тарзда китоб сотувини ҳам йўлга қўйдик. Шахсий китоб жавонимиз битта бўлиши орзумиз эди. 2025 йил августида турмуш қурдик. Тўйдан олдин бирга йиғган ва ўзида бор китобларни менинг уйимга олиб келди. Кейин битта жавон ясаб, шахсий кутубхона қурдик”, дейди Миржалол.

Оиланинг шахсий кутубхонаси Миржалолнинг Кўкдала тумани Шўрқудуқ маҳалласидаги уйида жойлашган. Келин-куёв эса ҳозирда Тошкент шаҳрида ижарада яшашади – Миржалолнинг иши шу ерда, у Чорсудаги китоб дўконларидан бирида ишлайди.

“Кутубхонамизнинг расми тасодифан тарқалиб кетди. Зулфия мукофоти учун ҳужжат қилиш пайтида илова қилинган расм эди, бир блогер тарқатиб юборибди”, – дейди у.

Насибахонга Зулфия мукофоти бу йил насиб қилмади, оила кейинги йил яна уриниб кўришни режалаштирган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид