Жамият | 23:58 / 30.06.2018
7770
2 дақиқада ўқилади

Шароф бобонинг халқ кутубхонаси: етти маҳалла болалари ундан баҳраманд

Риштонлик тадбиркор Дима Қаюм (Дилшод Болтабоев)нинг Риштон деҳқон бозорида очган халқ кутубхонасининг довруғи бутун дунёга тарқалиб бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Ана шундай халқ кутубхоналаридан бирини Самарқанд туманининг Талибарзуи Поён маҳалласида истиқомат қилувчи 81 ёшни қаршилаган Шароф бобо Мамадалиев ўз хонадонида ташкил этди.

— 25 невара, 45 чеваранинг бобосиман. Ўзимнинг невара-чевараларим кириб келса ҳам кутубхонам тўлиб тошиб кетади, — дейди Шароф бобо. — Ҳажга бориш ниятим бор эди. Лекин ёшим кетиб қолди, очиғи, энди умидимни уздим. Президентимизнинг сўзларидан илҳомланиб, халққа фойдам тегсин, дея ушбу кутубхонани ташкил этдим.

Лекин айни таътил кунларида ён атрофдаги етти маҳалланинг болалари келиб, кутубхонадаги китоблардан баҳраманд бўлишмоқда.

— Кутубхонамда асосан ўзим ўқиб чиққан бадиий, илмий китобларни тўплаганман. Уларнинг сони 1800 дан ошиқ эди. Кутубхонага Самарқанддаги «Китоб олами» дўкони, китобхонларнинг саъй-ҳаракати билан болалар учун мўлжалланган бадиий китобларни кўпайтиришга эришдик.

Айни пайтда болалар ўзлари ўқиш учун олиб кетган китобга ўз ихтиёрлари билан яна бир китоб қўшиб келиб топширишни йўлга қўйишган. Кутубхонага ўтган йилнинг февралида асос солган бўлсам, маҳаллаларимиз болалари ўртасида тезда машҳур бўлди, — дейди Ш.Мамадалиев.

Ёшлар куни арафасида мазкур кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ меҳмон бўлди ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд туман кенгаши (раиса Мадина Баратова) ҳомийлигида Шароф бобо хусусий халқ кутубхонасига 65 дона болалар учун мўлжалланган адабиётлар тақдим этилди.

Таҳририятдан: Шароф бобо Мамадалиев ташкил этган халқ кутубхонаси ҳақида батафсилроқ видеорепортаж сайтимизда кейинроқ эълон қилинади.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид