Ўзини саудиялик шаҳзода деб таништирган фирибгарни чўчқа гўшти фош қилиб қўйди
Ўзини 30 йилга яқин вақт давомида саудиялик шаҳзода деб таништирган америкалик фирибгар ҳақида батафсил маълумотлар эълон қилинди, деб ёзмоқда Daily Mail.
47 ёшли Энтони Жиньяк Колумбияда туғилган бўлиб, америкалик оила томонида асраб олинган ва АҚШда ўсган. 2008 йилда меҳмонхона ва бир нечта компанияларга 10 минг доллар миқдорида зарар етказгани учун фирибгарлик бўйича судланган. Ўша даврда у ўзини шаҳзода деб таништириб атрофдагиларни алдаб юрган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, у 1991 йилдан буён сохта ном остида одамларни алдаб келган. Майамида унинг пентхауси ва бир нечта қимматбаҳо машиналари бўлган.
У билан боғлиқ сўнгги ҳолат 2017 йил мартда содир бўлган. Жиньякнинг шерикларидан бири америкалик девелопер Жеффри Саффер билан боғланган. У ишбилармонга Саудия Арабистонининг меросхўр шаҳзодаси Сафферга қарашли курортга 440 миллион доллар сармоя киритиш истагида эканлигини айтган.
Америкалик ишбилармон унинг сўзларига ишонган ва шаҳзодани меҳмонга таклиф этган. Фирибгар дипломатик рақамли янги Ferrari автомобилида келган (кейинроқ у бу автомобилни eBay интернет аукционида сотиб олгани маълум бўлди). Августда Саффер Жиньякнинг пентхаусида меҳмон бўлган. Учрашув чоғида «шаҳзода» унга Дубай банкининг 600 миллион доллар маблағни кафолатлаши ҳақидаги сохта мактубини кўрсатган.
Ўша ойда улар Аспен шаҳрида навбатдаги музокара учун учрашишган. Саффер илк бор ўша ерда ундан шубҳалана бошлаган. У мусулмон мамлакатидан келган сармоядор ислом динида тақиқланган чўчқа гўштини паққос туширишига эътибор қаратган. Девелопер хавфсизлик хизматидан уни текширишни сўраган ва фирибгарлик маълум бўлган.
Саффернинг арзидан сўнг Флорида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз суриштирувини бошлаган. Жиньяк 2017 йил ноябрда сохта ном остида аэропортга келганида қўлга олинган. Унинг пентхаусидан турли исм-шарифларга битилган ташриф қоғозлари, минглаб долларлар ва Саудия қироллик оиласи аъзоси номидаги молиявий ҳужжатлар топилган.
2018 йил майида Жиньяк ўзини хорижлик дипломат ва бошқа давлат ҳукуматининг расмий вакили деб таништириб юргани, фирибгарлик мақсадида бошқа исмлардан фойдаланганини тан олди. Унга нисбатан ҳукм августда чиқарилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
15:43 / 03.08.2024
10 йилдан бери қидирувда бўлган автофирибгар Туркияда ушланди
16:28 / 24.07.2024
Полшада ўсмирларни пичоқлади дейилган ўзбекистонлик йигит аслида жабрланувчи бўлиб чиқди
08:39 / 10.02.2024
Қашқадарёда юзлаб одамларни қарийб 6,5 млрд сўмга чув туширган фирибгарлар қидирилмоқда
13:00 / 19.12.2023