00:23 / 11.07.2018
16165

Япониялик ҳамшира ўзидан жавобгарликни соқит қилиш учун оғир аҳволдаги беморларни ўлдирган

Фото: РИА Новости / Алексей Мальгавко

Японияда собиқ ҳамшира, унинг ҳисоб-китобига кўра, навбатчилигида вафот этиши керак бўлган беморларни ўлдирганини тан олди. Бу ҳақда Asahi Shimbun нашри маълум қилди.

31 ёшли ҳамшира Аюми Кубокининг айтишича, у 2016 йилда 2 ой давомида оғир аҳволдаги беморлар палатасига кириб, уларга ўлимга олиб келувчи антисептик инъекцияларни киритган.

Ҳамширанинг айтишича, у бу “қора ишини” беморлар яқинларига уларнинг ўлими сабабларини тушунтириш “муаммо туғдиргани” сабабли амалга оширган. Кубоки беморлар унинг навбатчилиги бошлангунгача вафот этишлари учун шу қилғиликни ўйлаб топган.

Полиция Кубокини 7 июлда 2016 йил сентябрда вафот этган 88 ёшли Созо Нишикава ўлими иши бўйича қўлга олган. Терговчиларнинг аниқлашича, кекса эркакнинг ўлими куни ҳамшира шифохонага навбатчилиги бошланишидан икки соат эртароқ келиб, унга инъекция киритган. Шу сабабли бемор ҳамширанинг навбатчилиги бошлангунгача вафот этиб бўлган.

Айни вақтда полиция Кубокининг бошқа беморлар ўлимига алоқадорлигини текширмоқда. Терговчиларнинг фикрича, беморларнинг ҳаммаси ҳам ҳамшира айтгандек оғир аҳволда бўлмаган.

Top