Журналист ва блогер Саидазиз Аъзамов Ўзбекистондаги ташкилотларнинг Жамоатчилик билан алоқалар соҳасига қай даражада эътибор қаратиши ҳақида сўз юритди. У ўз блогида Ўзбекистонда охирги ойларда диққат марказида турган воқеаларни тегишли вазирликлар ва муассасаларга боғлаган ҳолда таҳлил қилган.

Маршруткада юрган бўлсангиз, унда одамлар бир-бири билан ёки йўловчилар ҳайдовчи билан урушиб кетганига гувоҳ бўлган бўлсангиз керак. Мен кўп кўрганман, масалан. Лекин бир воқеа ҳам эсимда қолган:

«Максим Горкий» (Буюк Ипак йўли) бекатида маршрутка тўлиб, энди юраман деганда бир йигит тиқилиб чиқиб олди. Ўтиришга жой йўқ. Ҳайдовчи Тошкентдаги бошқа кўплаб ҳамкасбларига хос қўполлик билан «Ҳўв, кўрмаяпсанми, тўлди-куу!» деди.

Йигит «Ўтириб оламан, ока» дегани бадтар шофир аканинг ғазабини чақирди: «Укам, ГАИга нима дейман?». У йигит бир гап айтди ва шофир ака муроса қилдилар, юриб кетдик. Йўловчилар орасида кулги турди: «Бу менинг кондукторим деб айтасиз!».

Ўрни ва вақтида тўғри гапира олиш, муомалани эплай олиш, «кўча кўрган», «бозор кўрган» бўлиш ҳар доим зарур бўлган. Бу зарурат айниқса бугун ошиб боряпти. Бугун яна «интернет кўрган» бўлиш ҳам керак. Кўриб ўрганилмаган вазиятларда медиа ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, бир неча йиллик журналист бўла туриб, қовун тушириб қўймаслик муҳим.

Айниқса бугун. Айниқса ўзнет анча уйғониб, «ҳайп»га ўч, «сенсацияпараст» бўлиб қолган, бошқа томондан одамлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини англаб, уларни талаб қила олувчи «рақамли нотиқлар»га айланган бир пайтда.

Юқоридаги маршрутка мисоли ўз йўлига. У жуда маиший ва аҳамиятсиз инқироз бўйича. Инқирозли вазият катта ташкилот ёки компаниянинг раҳбари билан содир бўлсачи? Боз устига унинг фаолияти кўп тармоқли, мураккаб, ишчилари сони мингларча бўлса… Дейлик у бир вазирлик раҳбарияти вакили ёки ундан ҳам юқори амал эгаси бўлса...

Бир неча ҳафта олдин бир нуфузли давлат ташкилотига чет эллик тренерларга таржимонлик қилиш учун чақиришди. Швейцариядан келган экспертлар ўзбекистонлик PR мутахассислари жамоасининг билимларига машғулотлар ўтди. Улар тўхталган мавзулардан бири crisis communication — инқирозли вазиятларда жамоатчилик билан алоқалар бўлди.