KUN.UZ таҳририятига аҳолидан келаётган мурожаатларнинг катта қисми бугунги йўлларимизнинг ҳолати ҳақидадир. Дарҳақиқат, жамиятда йўлларнинг ўрни беқиёс. Кенг ва равон йўллар манзилимизни яқин қилади, энг муҳими хавфсизлигимизни таъминлайди.

KUN.UZ биз ҳар куни ҳаракатланадиган йўл дея аталмиш жамият қон томири ҳақида - “Бу йўллар...” лойиҳаси асосида туркум кўрсатувлар тайёрлашни мақсад қилди.

Унда ўқувчиларимиз томонидан юборилган мурожаатларга кўра - халқаро, республика, маҳаллий аҳамиятдаги магистраль ва ички йўлларнинг ҳолати ҳақида мақола ва видеолавҳалар бериб борамиз.

Йирик магистраль ва ички йўллар инфратузилмаси яхши бўлса, ташқи ва ички туризм ривожига хизмат қилади. Ҳайдовчи ва йўловчилар учун савдо ва сервис хизмати ривожланади. Энг асосийси, кўзлаган манзилимизга осон етиб борамиз. Тезкор замонамизда йўлларга эътибор бериш кераклиги - долзарб мавзу.

Аҳоли ва чет эллик меҳмонларга йилнинг ҳар фаслида бирдек хизмат қилувчи сифатли йўллар керак. Чунки биз шунга лойиқмиз. Ўқувчиларимиз йўл соҳаси бўйича мурожаатларини [email protected] электрон манзилига ёки телеграмдаги “Kun.uz Bu yo’llar” каналига юборишлари мумкин. 

Водийдаги энг ёмон йўл томон отландик

Мурожаатларнинг аксари қисмида аҳоли - ўз шаҳри, тумани, маҳалласи йўлларининг ҳолати ҳақида арз қилиши бор гап. Шу ўринда айтиб ўтишимиз жоиз, йўллар аҳамиятлилигига қараб турларга бўлинади. Ҳар қандай киши йўл четидаги белгилардан ҳам уларни ажратиб олиши мумкин.

Йўлсозлардан олган маълумотларга кўра - А-373 “Тошкент-Андижон-Ўш-Иргештом-Қашқар» автомобиль йўли – халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўли бўлиб, 4Р-112 “Наманган - Андижон” автомобиль йўли – Республика аҳамиятидаги автомобиль йўли ҳисобланади.  “К” белгили йўллар  - вилоят аҳамиятидаги, “Н” белгиси қўйилгани эса – маҳаллий автомобиль йўлларидир. Ҳозирги кунда “К” ва “Н” ларнининг ҳар иккиси - умумфойдаланувдаги маҳаллий автомобиль йўллари деб юритилмоқда.