Ўзбекистон | 18:10 / 13.07.2018
5540
3 дақиқада ўқилади

Норов: Марказий Осиё мамлакатлари умумий ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиши лозим

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Марказий Осиё мамлакатлари ўрта ва узоқ муддатли ривожланишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқишлари зарурлигини билдирди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

У бу ҳақда Тошкентда БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган «давра столи»да айтди.

«Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш соҳасида аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олган ҳолда ўрта ва узоқ муддатли ривожланишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Минтақада тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик бўлиши Марказий Осиё мамлакатларининг мавжуд муаммоларни ўзлари мустақил ҳал қила олишлари қобилиятига бевосита боғлиқ», – деди Норов. 

Унинг сўзларига кўра, БМТ резолюцияси «Марказий Осиё давлатларининг давлатларо муносабатларда янги даврга қадам қўйишининг ифодаси бўлди». Бу эса унинг фикрича, минтақа гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

«Бугунги кунда мамлакатларимизда жадал ва самарали ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд», – деди СМТИ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 июнда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг пленар йиғилишида Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинганди. Бу ҳужжат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, ичимлик сувидан самарали ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил қилиш, турли соҳаларда икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мавзуга оид