Ўзбекистон | 20:49 / 10.01.2023
20503
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норовнинг янги иш жойи маълум қилинди

Собиқ ташқи ишлар вазири Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Владимир Имомович Норов Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланди.

Аввалроқ, Владимир Норов ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Саидов тайинланганди. 

Маълумот учун, Владимир Норов 1955 йилда Бухорода туғилган. У турли йилларда турли мамлакатларда элчи сифатида фаолият кўрсатган (1998—2003 йилларда — Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида – Полша ва Швейцариядаги элчиси. 2005—2006 йилларда — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2014 йилнинг 2 декабридан Ўзбекистоннинг Люксембургдаги элчиси). 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 12 январгача – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Владимир Норов 2017 йилнинг майида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига директор этиб тайинланган. 2019-2021 йилларда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаган.

2021 йил 31 декабрь куни ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланади. Абдулазиз Комиловнинг истеъфога чиқиши фонида эса 2022 йил 9 сентябрь куни Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигига келади. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик даражасига эга.

Мавзуга оид