Жаҳон | 17:20 / 13.07.2018
6902
2 дақиқада ўқилади

Сурия ғарбидаги ҳужумлар оқибатида 30дан зиёд тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди

Фото: AP

Бугун, 13 июль куни АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари Сурия ғарбидаги Дейр Эззор провинциясидаги иккита қишлоққа зарбалар йўллади. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 30дан зиёд тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди, яна ўнлаб инсонлар жароҳат олди.

Бу ҳақда Сурия миллий ахборот агентлиги – САНА тарқатган хабарда айтилишича, ҳаво ҳужуми пайшанбадан жумага ўтар кечаси уюштирилган бўлиб, қурбонлар ва яраланганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Иккита аҳоли яшаш пунктларида кўплаб бинолар вайрон бўлган, уйлар қулаб, одамларни босиб қолган.

Йил бошидан буён АҚШ ва унинг иттифоқчилари авиация кучлари томонидан бомбардимон қилинаётган Дейр Эззор, Ҳасака ва Раққа вилоятларида юзлаб сурияликлар қурбон бўлди. Сурия ҳукумати коалиция зарбаларини тафтиш қилишни талаб қилиб бир неча маротаба БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилган.

28 июнь куни расмий Вашингтон ғарб давлатлари коалициясининг ИШИДга қарши операциялари вақтида 2014 йилдан буён Сурия ва Ироқнинг камида 939 нафар тинч фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилганди. Тўрт йил давомида 29596та ҳужум уюштирилган.

Мавзуга оид