Ўзбекистон | 17:45 / 13.07.2018
10530
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда металлни қайта ишлашга мўлжалланган юқори технологияли завод ишга туширилди

Фото: «Халқ сўзи»

Бугун, 12 июль куни Тошкентда металлни қайта ишлашга мўлжалланган юқори технологияли «Metal Processing» қўшма корхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур заводда тўқимачилик ускуналари учун деталлар ҳамда автомобилсозлик соҳасида фойдаланиладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Қўшма корхона Швейцариянинг «Rieter AG» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Лойиҳа ижроси учун қарийб 4 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган.

Йилига 760 тонна металлни қайта ишлаб чиқариш қувватига эга заводда 60га яқин иш ўрни яратилди. Бу ерда қалинлиги 1 миллиметрдан 12 миллиметргача бўлган пўлат листлар қайта ишланиб, тўқимачилик ускуналари учун импорт ўрнини босувчи деталлар тайёрланади.

Йил охирига қадар биринчи навбатда «Ритер-Ўзбекистон» корхонасига 755та турли деталлар етказиб бериш режалаштирилган.

Хабарга кўра, бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда замонавий металлни қайта ишлаш саноатида улкан қадам бўлди.

Лойиҳа аввало ички бозор эҳтиёжини қондиришга мўлжалланган бўлиб, 2020 йилдан экспортни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Маълумот учун, Швейцариянинг «Ритер АГ» компанияси 1795 йилда ташкил этилган бўлиб, технологик ишланмалар ва комплекс тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи ҳисобланади. Компаниянинг заводлари Швейцария, Германия, Ҳиндистон ва Хитойда жойлашган.

Мавзуга оид