20:40 / 16.07.2018
16143

Астрономлар илк бор галактикамиз маркази суратини олишди

Фото: Rensselaer Polytechnic Institute

Жанубий африкалик астрономлар MeerKAT радиотелескопи ёрдамида галактикамиз – Сомон йўли марказидаги ўта оғир қора туйнук соҳасини илк бор суратга олишга муваффақ бўлишди. 

Ўқчи А объекти сайёрамиздан Ўқчи юлдузлар туркуми йўналишида 25 минг ёруғлик йили узоқлигида жойлашган. Унинг оғирлиги Қуёшникидан 4,3 млн марта каттароқдир.

Бу соҳа ҳамиша газ-чанг булутлари билан қопланган бўлади ва шу сабабли уни оддий телескопда кўришнинг имкони йўқ. Суратдаги ҳудуд 1000х500 ёруғлик йилини қамраб олади.

Суратда шунингдек қора туйнук атрофида ҳозирча олимлар учун сирли бўлган магнит филаментларни (толалар) кўриш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, энди галактикамиз марказидаги магнит майдонлар борасида фикр юритиш мумкин. 

Фото: skatelescope.org

МeerKAT телескопи 2024 йилда Square Kilometre Array радиоинтерферометри таркибига киради. Square Kilometre Array’даги антенналарнинг умумий йиғувчи майдони 1 квадрат километрдан кўпроқни ташкил қилади. Бундай ўлчамлар бошқа исталган телескопдан 50 марта кўпроқ аниқроқликка эришишга имкон беради.

Top