Фан-техника | 13:30 / 18.07.2018
10327
2 дақиқада ўқилади

Tesla инвесторлари Маскни Таиланддаги болаларни қутқарган дайвердан узр сўрашга чақиришди

Фото: Mark Brake / Getty Images

Tesla инвесторлари америкалик тадбиркор Маскни британиялик дайвер ва Таиланддаги ғорда қамалиб қолган болаларни қутқариш операцияси иштирокчиси Верн Унсуортни ҳақорат қилгани учун узр сўрашга чақиришди.

"Верн Унсуорт билан айтишув чегарадан чиқиб кетди. Бу ҳаракатинг раҳбариятга салбий таъсир кўрсатади", — дейилади Ген Мунстер томонидан компания инвесторлари номидан битилган очиқ хатда.

"Инвесторлар ишончини қайта қозониш йўли бор. Бу узр сўрашдан бошланади", — дейилади хатда.

23 июль куни Таиландда ўн икки ўсмир ва уларнинг мураббийи ғорда қамалиб қолганлиги маълум бўлган ва 10 июлда уларнинг барчаси қутқариб олинганди.

Маск уларни мини-сувости кемаси ёрдамида қутқаришни таклиф қилганди. У сувости кемасини синовдан ўтказиш учун Таиландга шахсан келганди.  

Кейинроқ қутқарув операцияси штаби раҳбари Наронгсак Осоттханакон Маскнинг ихтироси болаларни ғордан қутқаришда ишлатилмаслигини маълум қилди.

Мини-сувости кемасидан фойдаланилмаган бўлса-да, таиландлик қутқарувчилар Маскка таклифи учун миннатдорлик билдиришди.

Сўнгра Унсуорт интервью бериб, Маск компанияси ишлаб чиққан мини-сувости кемаси шунчаки "PR-юриш" эканлигини ва қурилмадан "фойда йўқлигини" айтди. CNN телеканалининг хабар беришича, Маск унинг танқидига жавобан Twitter саҳифасида дайверни "педофил" деб атаган, аммо кейинроқ бу ёзувни ўчириб ташлаган.

Ўз навбатида Унсуорт Маскни ҳақорати учун судга беришини билдирган.

Верн Унсуорт
Фото: DAN CHARITY / THE SUN

 

Мавзуга оид