Жаҳон | 14:00 / 20.07.2018
3104
2 дақиқада ўқилади

Британия Скрипалларни заҳарлаган шахслар аниқлангани ҳақидаги хабарни рад этди

Фото: Униан

Буюк Британия ИИВ бошлиғи ўринбосари Бен Уоллес полиция Солсберида Россия разведка бошқармаси (ГРУ) собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлаган шахслар аниқлангани ҳақидаги хабарни рад этди.

«Бундай маълумотлар устига «асоссиз ахборот ва чинқириқли уйдирма» деб ёзилган папка ичида туриши керак, деб ўйлайман», — деб ёзди у Twitter’да. Уоллес Press Association’нинг полиция Скрипалларни заҳарлаганларнинг шахси аниқлангани ҳақидаги хабарга шу тарзда жавоб қайтарди.

Аввалроқ Россиянинг Лондондаги элчиси Буюк Британия ҳукуматидан агарда гумондорлар бўлса уларнинг номларини айтишни талаб қилганди.

Бунгача Британия нашрларида полиция Скрипалларни заҳарлаган шахсларни аниқлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 

Эслатиб ўтамиз, Сергей Скрипаль ва унинг қизи Британиянинг Солсбери шаҳрида шу йилнинг март ойида беҳуш ҳолда топилганди. Лондоннинг маълумотларига кўра, улар Совет иттифоқида ишлаб чиқарилган асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланган ҳамда бу ишда Россиянинг қўли бўлган. Расмий Москва барча айбловларни рад этиб келмоқда.

Июнь ойи охирида эса Солсберига қўшни бўлган Эймсбери шаҳрида худди шундай заҳарланиш аломатлари билан бир эркак ва аёл топилган. Аёл 9 июль куни вафот этган, эркак эса тузалмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид