Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясида Жаҳон Банкининг таълим бўйича бош мутахассиси билан музокаралар ўтказилди
2018 йил 19 июль куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Жаҳон Банкининг таълим соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда Жаҳон Банкининг таълим бўйича бош мутахассиси Янсен Тейшейр (Janssen Teixeira) ва лойиҳалар бўйича мутахассиси Жулиа Либерман (Julia Liberman) иштирок этди. Бу ҳақда инспекция расмий сайти хабар бермоқда.
Ўзбекистонда баҳолаш тизими фаолияти билан танишув, баҳолашда назария ва далиллар, баҳолаш усуллари ва фарқлари, баҳолаш тизими тавсифи, Ўзбекистонда баҳолаш тизимини модернизация қилиш бўйича ҳаракатлар режасини муҳокама қилиш қилиш каби масалалар учрашув кун тартибидан ўрин олди.
Жорий йилнинг 17 июль куни PISA халқаро дастури бошқарув кенгаши ўз жавоб хатида Ўзбекистоннинг PISA-2021 дастурида иштирок этиш таклифини маъқуллаб, икки томонлама шартноманинг охирги мукаммаллаштирилган шаклини тақдим қилган эди.
Мазкур шартномага кўра, дастурда иштирок этиш харажатлари жами 665 000 евро бўлиб, шундан 205 000 евро дастурда иштирок этиш тўлови ва 460 000 евро илк маротаба қатнашаётган ривожланаётган давлатлар салоҳиятини ривожлантиришга доир шерикчилик шартнома тўлови ҳисобланади. Ушбу тўловлар 4 йил мобайнида йилига тенг миқдорда бўлиб тўлаш йўли билан амалга оширилади. Бунга қўшимча равишда, PISA дастурини Ўзбекистонда жорий этишга масъул Миллий марказ фаолиятини ташкил этиш харажатлари 300 000 еврони ташкил қилади. Келтирилган масалалар юзасидан Жаҳон Банки вакиллари томонидан турли чора-тадбирлар тавсия қилинди. Жумладан:
1. Инвестиция лойиҳаси. Ушбу лойиҳа асосан Жаҳон Банки гуруҳи маблағлари ёки донорлар (ишончли фондлар) томонидан лойиҳалаштирилади. Бу турдаги лойиҳа мавжуд ёки янги лойиҳалар асосида амалга оширилиши мумкин. Жаҳон Банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларга жуда кам миқдорда фоиз ставкалари белгиланади. Грантлар эса мутлақо текиндир. Улар ишончли фондлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
2. Жаҳон банки бюджетидан молиялаштириладиган техник ёрдам. Жаҳон Банки ўз мижозларига мақсадли техник ёрдам кўрсатишга қодир, бу борадаги вазифалар ҳукумат вакиллари билан стратегик муҳокама қилинади. Булар асосан Жаҳон Банки томонидан молиялаштириладиган ёки банк ходимлари амалга оширадиган кенг кўламли вазифалар доирасига кирмайди.
3. Қайтариладиган маслаҳат хизматлари. Жаҳон Банки ўзининг глобал билим ва тажрибалари асосида мижозларга пуллик хизматлар/ёрдам турларини таклиф қилади. Ушбу турдаги операциялар мижозларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан холда кенг кўламли ёки мақсадли бўлиши мумкин. Бунда барча хизматлар олдиндан молиялаштирилади. Сўнгра хизматлар кўрсатиб бўлинганидан сўнг мижозлар томонидан тўлаб берилади.
Учрашув давомида, шунингдек, Жаҳон Банки томонидан Ўзбекистон учун халқ таълими тизимини ривожлантиришга ажратилган 150 000 АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа маблағидан ҳам мақсадли фойдаланиш бўйича таклифлар, хусусан, PISA-2021`даги иштирок этиш тўловлари учун ишлатиш ёки халқаро экспертларни жалб қилиш каби харажатларга қўллаш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Музокаралар 23 июлга қадар давом этиши режалаштирилган. Келишув натижалари кейинроқ маълум қилинади.
Мавзуга оид
19:02 / 14.09.2024
Жаҳон банки Орол денгизини сақлашнинг иккинчи босқичида иштирок этади
23:19 / 21.06.2024
Ўзбекистон карбон диоксиди чиқиндиларини камайтиргани учун Жаҳон Банкидан 7,5 млн доллар олди
22:16 / 01.04.2021
Жаҳон Банки: Ўзбекистон иқтисодий ўсишига доир прогнозларини янгилади
22:33 / 08.01.2021