22:33 / 08.01.2021
4081

Жаҳон Банки глобал иқтисодиётдаги ўсиш ва эҳтимолий хатарлар ҳақида маълумот берди

Глобал иқтисодиёт 2021 йилда 4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон Банкининг «Жаҳон иқтисодиётининг истиқболлари» ҳисоботида маълумот берилган.

Фото: AP Photo, Lawrence Jackson

2020 йилда 4,3 фоизга пасайган глобал иқтисодиёт айни пайтда яна ўсишни кўрсатмоқда. Шунга қарамай, пандемия унга катта зарар етказди: қурбонлар ва беморлар сони кўпаймоқда, миллионлаб одамлар камбағалликка дучор бўлишмоқда. Иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматлар давлат қарзларига унчалик боғлиқ бўлмаган инвестицион фаолият циклини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиши керак, дейилади Жаҳон банки эълон қилган ҳисоботда.

Жаҳон банки гуруҳи президенти Девид Малпасснинг айтишича, ижрочи органлар ҳал қилишлари керак бўлган кенг миқёсдаги масалаларга дуч келишмоқда – бу соғлиқни сақлаш соҳаси, қарзларни бошқариш, фискал сиёсат, Марказий банк пул-кредит сиёсати ва тизимли ислоҳотлар.

ЖБ ҳисоботида минтақалар бўйича қуйидаги прогноз билдирилган:

Шарқий Осиё ва Тинч океани. Минтақада ўсиш суръатлари 2021 йилда 7,4 фоизни ташкил этади.

Европа ва Марказий Осиё. Минтақа иқтисодиёти бу йил 3,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзаси. Прогнозларга кўра, 2021 йилда минтақада иқтисодий фаоллик 3,7 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка. Бу ерда иқтисодий фаолликнинг ўсиши бу йил 2,1 фоизни ташкил этади.

Жанубий Осиё. 2021 йилда минтақада ишбилармонлик фаоллиги 3,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Саҳродан жанубда бўлган Африка. 2021 йилда минтақадаги иқтисодий фаоллик 2,7 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.

Банк мутахассислари пандемия тугалланмаган вазиятда салбий ўзгаришлар хавфи «устун» эканини таъкидлаган. Пессимистик сценарийга кўра, касалланиш ҳолатлари ўсишда давом этса ва вакцина татбиқ этилиши кечикса, 2021 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати 1,6 фоизгача чекланиши мумкин. Шу билан бирга, оптимистик сценарийда пандемиянинг муваффақиятли тўхтатилиши ва эмлаш жараёнининг тезлаштирилиши оқибатида глобал иқтисодий ўсиш қарийб 5 фоизгача кўтарилиши мумкин.

«Пандемия шаклланаётган бозор ва ривожланаётган иқтисодиётларда қарз хавфини сезиларли даражада ёмонлаштирди; ўсиш истиқболларининг заифлиги қарз юкини янада ошириши ва қарз олувчиларнинг қарзни қайтариш қобилиятини пасайтириши мумкин», – дея огоҳлантирди Жаҳон банкининг тенг ўсиш ва молия институтлари бўйича вице-президенти вазифасини бажарувчи Айхан Косе.

Шунингдек, ҳисоботда Жаҳон банки гуруҳининг «COVID-19» билан курашдаги ҳаракатлари бўйича маълумот берилган. Унга кўра, 15 ой ичида – 2021 йил июн ойи охиригача – Жаҳон банки гуруҳи камбағал ва заиф аҳоли қатламларини ҳимоя қилиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий тикланишни тезлаштириш учун дунёнинг 100дан ортиқ давлатларига 160 миллиард долларгача молиявий ёрдам кўрсатади.

Бунга грантлар ва имтиёзли кредитлар кўринишидаги Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 50 миллиард долларлик янги манбалари ва ривожланаётган мамлакатларда «COVID-19» вакциналарини сотиб олиш ва тарқатишни молиялаштириш учун ажратилган 12 миллиард доллар киради.

Top