23:19 / 21.06.2024
3310

Ўзбекистон карбон диоксиди чиқиндиларини камайтиргани учун Жаҳон Банкидан 7,5 млн доллар олди 

Ўзбекистон ҳукумати маблағларнинг бир қисмини электр ва газ тарифларининг сўнгги ўзгаришлари туфайли фаровонлиги ёмонлашган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиш мажбуриятини олган. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистон энергия соҳасида эмиссияларни камайтириш бўйича ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Жаҳон Банкидан самарадорлик учун тўлов олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Бу ҳақда Жаҳон Банки хабар берди. 

Қайд қилинишича, Углерод активлари трансформацияси бўйича Жаҳон банки жамғармаси (TCAF) «Ўзбекистон энергетика секторини ўзгартириш учун инновацион углерод молияси» (iCRAFT) лойиҳаси доирасида 500 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларини муваффақиятли қисқартириши натижасида 7,5 миллион доллар миқдорида грант ажратди. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати (iCRAFT) лойиҳаси орқали олинган маблағларнинг бир қисмини электр ва газ тарифларининг сўнгги ўзгаришлари туфайли фаровонлиги ёмонлашган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиш мажбуриятини олган. Бундан ташқари, лойиҳа маблағлари Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшади. 

iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматига тегишли инфратузилма, тизимлар, механизмлар ва ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёрдам беради, бу эса мамлакатни бошқа халқаро ҳамкорлар ва хусусий инвесторлар кўмагида келажакда халқаро углерод бозорларида транзакцияларни амалга оширишга тайёрлайди. 

iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш давомида Ўзбекистон 60 миллион тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларини камайтиришни режалаштирмоқда. Шундан 2,5 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид гази лойиҳа доирасида мамлакатдан харид қилинади. Ўзбекистон iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш жараёнида яратилган ва синовдан ўтказилган тизим ва механизмлар ёрдамида қолган углерод бирликларини халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади. 

Top