Ўзбекистон | 19:34 / 21.07.2018
11363
2 дақиқада ўқилади

Банк кафолатини олиш осонлашди

Фото: Dreamstime

МБ Бошқарувининг қарори билан тижорат банклари томонидан банк кафолатларини беришнинг амалдаги тартибига ўзгартиришлар киритилди, деб ёзмоқда Norma

Эслатиб ўтамиз, шахс (принципал) банкка ўзининг кредитор (бенефициар) олдидаги мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида кафолат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Банк, ўз навбатида, мазкур аризага кўра кредитор пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида ёзма мажбурият беради.
 
Киритилаётган ўзгартиришлар билан ушбу таомилни расмийлаштириш ва берилган кафолатлар ҳисобини юритишнинг айрим жиҳатлари соддалаштирилмоқда.
 
Биринчидан, кафолат олиш учун принципал белгиланган талабларга жавоб бериши лозим. Охирги уч молиявий йил натижалари бўйича ижобий аудиторлик хулосасига эга бўлиши ҳам талаб қилинар эди. Энди мазкур мезонлар юмшатилди, банк кафолатини олиш учун молиявий йил натижалари бўйича ижобий аудиторлик хулосасини тақдим этишнинг ўзи кифоя.

Иккинчидан, кафолат суммаси «90993 – Кафолат ва кафилликлар» махсус ҳисобварағига кирим қилинади ва кафолат суммаси тўлиқ қоплаб берилганга қадар сақланади. Хорижий ва халқаро ташкилотларнинг кредит линиялари ва қарзларини жалб қилиш билан боғлиқ банк кафолатлари суммаси учун мазкур нормага қўшимча киритилди. Улар графикка асосан ёки муддатидан олдин қайтарилганда – ҳисобварақ қолдиғи мос равишда камайтириб борилади.
 
Учинчидан, банк томонидан берилган кафолатлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни (принципалнинг кредитга лаёқатлилигидан келиб чиқиб 1%дан 100%гача) шакллантириш тартиби бекор қилинди. 

Ҳужжат 17.07.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид