Халқаро валюта жамғармаси АҚШ савдо сиёсатининг жаҳон иқтисодиётига хавфи ҳақида маълум қилди
Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард АҚШ томонидан янги божларнинг киритилиши жаҳон ЯИМни ярим фоизга пасайтиради деб ҳисобламоқда.
«Вазиятнинг энг ёмон томонга ўзгариши... глобал ЯИМнинг пасайиши ярим фоизни ташкил этади», — деди Лагард Буэнос-Айресда бўлиб ўтаётган «Йигирматалик гуруҳ» молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарлари учрашуви доирасидаги матбуот анжуманида.
Лагарднинг Аргентинага ташрифи норозилик намойишлари билан қарши олинди. Намойишлар жума куни бошланди ва шанба куни «ХВЖ йўқ» шиори остида давом этди. Намойишчилар жамғарманинг мамлакатга нисбатан сиёсатига қарши норозилик билдиришмоқда.
ХВЖ июнь ойида Аргентинага 50 миллиард доллар кредит берилишини маъқуллаганди. Ҳукумат дастлабки 15 миллиард доллар ўтказмадан фойдаланиш ниятида, аммо қолган ўтказмалардан фойдаланиш масаласи ҳозирча тасдиқланмаган. Аксарият иқтисодчилар Аргентина белгилаган 15 фоизлик инфляция кўрсаткичи йил охирига келиб ошиб кетишидан хавфсирашмоқда.
Пўлат ва алюминий божи
Март ойи охирида АҚШ пўлат олиб кирилишига 25 фоиз ва алюминийга 10 фоиз бож тўловлари киритди. Расмий Вашингтон бу қарорни миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан деб асослади.
АҚШнинг аксарият савдо ҳамкорлари бу қадамни салбий баҳолашди. Россия бу қарорни ноқонуний деб атади ва бунга жавобан барча эҳтимолий чораларни ишлаб чиқишга ваъда берди.
Май охирларида Москва Жаҳон савдо ташкилотини йилига 537,6 миллион долларлик Америка маҳсулотларига нисбатан бож киритиши ҳақида хабардор қилди. Маълум қилинишича, божлар АҚШдан келтириладиган йўл-қурилиш техникалари ва бошқа маҳсулотларига нисбатан жорий этилади.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатлари
Апрель ойи бошида Қўшма Штатлар Хитой Америка маҳсулотларига бўлган интеллектуал ҳуқуқларни бузгани учун 1,3 мингта Хитой маҳсулотларига импорт божи киритишини маълум қилди.
Ўз навбатида Хитой давлат кенгаши штатлардан импорт қилинадиган 106 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик божларни жорий этишга қарор қилди.
Май ойида томонлар савдо уруши олиб бормасликка ва ўзаро божлар қабул қилишни тўхтатишга келишишди. Аммо кейинроқ ўзаро муросага келинмагани маълум бўлди ва Вашингтон янги бож йиғимларини эълон қилди.
Июнь ойи ўрталарида АҚШ ХХРда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этди, бу Америкага импорт қилинадиган Хитой маҳсулотларининг ўндан бир қисмига нисбатан қўлланилди.
Хитой ҳам ўз навбатида АҚШдан импорт қилинадиган 659 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик кириш божи жорий этишини маълум қилди.
Яқинда эса Дональд Трамп зарурият туғилса, бутун Хитой импортига нисбатан бож жорий этишга тайёрлигини билдирди. Агарда бу ҳол юз берса, 500 миллиард долларлик маҳсулотлар чеклов остига тушади.
Мавзуга оид
07:40 / 13.07.2022
Ҳакерлар Ангела Меркелнинг мобил рақами орқали Кристин Лагардни кузатишга уринган
20:41 / 12.04.2021
ХВЖ: Пандемия туфайли зарар кўрган Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида қарздорлик даражаси ошиши мумкин
18:47 / 07.04.2021
ХВЖ глобал иқтисодиёт бўйича прогнозларни янгилади
16:14 / 18.02.2021