Иқтисодиёт | 20:41 / 12.04.2021
9703
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ: Пандемия туфайли зарар кўрган Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида қарздорлик даражаси ошиши мумкин

Минтақадаги мамлакатлар иқтисодий тикланишга эришган бўлса-да, пандемия сабаб истиқбол ноаниқ бўлиб қолмоқда. Шу сабабли Халқаро валюта жамғармаси минтақа давлатларига ўзларининг молиялаштириш талабларини чеклашлари кераклигини таъкидламоқда.

Фото: Reuters

Халқаро валюта жамғармаси Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги давлатлар ўзларининг молиялаштириш талабларини чеклашлари кераклигини қайд этган. Чунки коронавирус пандемияси туфайли ҳукумат қарзининг кўпайиши вазиятни оғирлаштириши мумкин.

Мавританиядан Қозоғистонгача бўлган деярли 30 мамлакатни ўз ичига олган минтақа йилнинг учинчи чорагида карантин чораларини юмшатганидан сўнг иқтисодий ўсишни бошлади.

Маълум қилинишича, истиқбол жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда ва тикланиш йўллари эмлаш жараёни, туризм каби кучли таъсир кўрсатадиган тармоқларга ва мамлакатларнинг молия сиёсатига боғлиқ равишда фарқ қилиши мумкин.

«Ривожланиш бошланди, аммо тикланиш нотекис, ноаниқ усулда бошланди, айниқса қарздорлиги юқори бўлган давлатлар учун», деб таъкидлаган ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори Жиҳод Азоур.

Ўтган 2020 йил кучли пандемия даврида талабнинг пасайиши кўплаб давлатлар иқтисодиётининг оқсашига олиб келди. Баъзи мамлакатларда халқаро қарздорлик кўрсаткичи ошиб кетди. Бу эса молиявий беқарорлик хавфини келтириб чиқаради ва иқтисодий тикланишни секинлаштириши мумкин.

Маълумот учун, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 21,1 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Аввалроқ, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари жаҳон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоизга, 2022 йилда эса 4,4 фоизга ўсишини прогноз қилгани хабар қилинганди. Кўп нарса пандемияга қарши кураш натижаларига боғлиқлиги айтилган.

Мавзуга оид