Ўзбекистон | 19:00 / 24.07.2018
11562
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» директори ишдан кетди. Агентликда 2 йил ичида тўртинчи раҳбар бўлади

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт») бош директори Абдуҳамид Ўткурович Каримов лавозимни тарк этган. Бу маълумотни «Kun.uz»га агентликдаги бир неча манбалар тасдиқлади.

Айни вақтда агентликнинг янги раҳбари маълум эмас. Бу ташкилотга ҳам прокуратура соҳаси вакили раҳбар бўлиб келиши кутилмоқда.

Қайд этиш керакки, бу кейинги 2 йил ичида агентликда тўртинчи раҳбар бўлади.

2016 йилнинг октябрь ойида 2012 йилдан буён агентликни бошқарган Абдусалом Қурбонов ўрнига Актам Ҳайитов раҳбар этиб тайинланган, аммо у 8 ой ўтиб, 2018 йил августида ишдан олинган ва бу лавозимни Абдҳамид Каримов эгаллаганди.

Маълумот учун, кейинги вақтларда прокуратура соҳасидан чиққан кадрларга масъул лавозимлар топширилиши анъанага айланди. Хусусан, шу соҳа вакили, ўз вақтида Жиззах ва Бухоро вилоятлари прокурори бўлган Пўлат Бобожонов Ички ишлар вазири этиб тайинланган, собиқ бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ДХХга раҳбар бўлган, бош прокурорнинг собиқ биринчи ўринбосари Муроджон Азимов Божхона қўмитаси раиси сифатида ишламоқда, Бош прокуратурадаги бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган Шавкат Умурзоқов «Ўзавтосаноат»нинг янги раҳбарига айланган, Бош прокуратурадаги бошқарма бошлиғининг собиқ ўринбосари Бунёд Баҳромбеков айни вақтда Ёшлар иттифоқи раҳбари ўринбосари ҳисобланади, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Баҳодир Пўлатов эса Сурхондарё вилоятига янги ҳоким этиб юборилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид