Жаҳон | 12:20 / 24.07.2018
4494
1 дақиқада ўқилади

Вьетнамдаги сув тошқинлари оқибатида 27 киши ҳалок бўлди

Фото: Reuters

Вьетнамда «Син Тин» номли тропик тўфон оқибатида сув тошқинлари ва кўчкилар юз бермоқда.

Ҳукуматнинг фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар қилишича, табиий офат оқибатида 27 киши ҳалок бўлган, 7 киши бедарак йўқолган.

Ўтган йили Вьетнамда шу каби табиий офатлар оқибатида жами 389 киши вафот этганди. «Син Тин«» ўтган ҳафта Вьетнам шимолида бир қатор сув тошқинларига сабаб бўлди. Пойтахт Ҳаной шаҳри атрофидаги баъзи ҳудудлар сув остида қолиб кетган. Ен Бай тоғли провинцияси табиат инжиқлигидан азият чекяпти. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳисоботида айтилишича, бу ҳудудда 13 киши вафот этган.

Табиий офат 12 мингга яқин аҳоли турар жойларини вайрон қилган, 90 минг гектар ердаги ҳосил нобуд бўлган.

Гидрометеорология миллий маркази прогнозига кўра, мамлакат шимолий қисмида сурункали ёмғир август ойигача давом этади.

Мавзуга оид