Жаҳон | 18:24 / 23.11.2025
2344
2 дақиқада ўқилади

Ветнамда сув тошқинлари оқибатида 100 га яқин киши ҳалок бўлди

Ушбу мамлакат иқлим ўзгариши туфайли экстремал об-ҳаво ҳодисаларига мойил бўлиб қолган: аввалроқ Ветнамга бир неча ҳафта ичида икки бор вайронкор тўфонлар ёпирилганди.

Magdalena Chodownik/Anadolu via Getty Images

Ветнамда сув тошқинлари ва кўчкиларга олиб келган кучли ёмғирлар оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди ва яна 12 киши бедарак йўқолди.

Ветнам ҳукумати маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 186 минг уй шикастланган ва уч миллиондан ортиқ чорва моллари нобуд бўлган.

Расмийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар 300 миллион доллардан ортиқни ташкил этган.

AFP ахборот агентлиги маълумотларига кўра, тоғли Даклак провинцияси энг кўп зарар кўрган: 16 ноябрдан буён у ерда 60 дан ортиқ ўлим рўйхатга олинган.

Сув тошқинлари сўнгги ойларда Ветнамда юз берган навбатдаги экстремал об-ҳаво ҳодисаси бўлди. Аввалроқ мамлакат бир неча ҳафта оралиғида «Калмаэги» ва «Буала» тўфонлари ёпирилишидан азият чеккан эди.

Расмийларга кўра, 258 мингга яқин одам электр таъминотисиз қолган, асосий автомагистрал ва темирйўл участкаларида ҳаракат тўхтатилган.

Энг кўп зарар кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун армия ва полиция ресурслари сафарбар қилинмоқда.

Ҳукумат энг жиддий оқибатлар Ветнам жанубида жойлашган Куангнгай, Зялай, Даклак, Кханхоа ва Ламдонг каби бешта провинцияда қайд этилганини маълум қилган.

«Бизнинг туманимиз бутунлай вайрон бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Ҳаммаёқ лой ичида қолди», – дейди даклаклик фермер Маҳ Ван Си AFP агентлиги мухбирига.

Бош вазир Фам Мин Тин якшанба куни эрталаб видеоалоқа орқали фавқулодда йиғилиш ўтказди. У бу вақтда G20 саммитида иштирок этиш учун Жанубий Африкага кетганди.

Ҳозирги каби ёғингарчилик даражаси 1993 йилдан бери кузатилмаган. Яқин кунларда ёмғирлар тўхташи прогноз қилинмоқда.

Олимлар таъкидлашича, Ветнам иқлимнинг антропоген ўзгариши туфайли экстремал об-ҳаво ҳодисаларига кўпроқ мойил бўлиб қолган, бу эса тўфонлар кўпайиши ва кучайишига олиб келмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид