Қозоғистоннинг икки шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консулхоналари очилиши режалаштирилган
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги консуллик фаолияти тўғрисида ҳисобот эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, ўтган ярим йилликда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан 186 128та консуллик ҳаракати амалга оширилди.
Ҳисобот даврида чет эл фуқароларига 131 535та кириш визаси берилди, Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун 16805та сертификат расмийлаштирилди, 3117та биометрик паспорт берилди, ФҲДЁга доир 6371та ҳаракат амалга оширилди, фуқаролик масалаларига доир (фуқароликка қабул қилиш, чиқиш, йўқотиш ва тегишли эмаслик) 7844 ариза қабул қилинди.
Энг кўп консуллик ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон (21870), Тожикистон (16567), Россия (14421), Қозоғистон (14083) ва Хитойдаги (10882) элчихоналарида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга ўз вақтида консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни такомиллаштириш чораларини амалга ошириш доирасида 2018 йил март ойида Россия Федерацияси ҳудудида Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади.
«Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудида Алмати ва Актау шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси бош консулхоналарини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда», - дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2018 йил 10 февралдан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилди. Ушбу фармон билан 2018 йил 10 февралдан бошлаб 39та давлат фуқаролари учун туристик визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби киритилди.
Мавзуга оид
10:28 / 10.09.2024
Туркиянинг яна бир шаҳрида Ўзбекистон фахрий консулхонаси очилди
07:50 / 22.04.2024
Озарбойжоннинг Ганжа шаҳрида Ўзбекистоннинг фахрий консулхонаси очилди
18:12 / 26.01.2024
Ўзбекистоннинг Дубайдаги янги бош консули фаолиятини бошлади
20:45 / 25.11.2023