Ўзбекистон | 07:22 / 27.07.2018
6902
3 дақиқада ўқилади

Олий суд қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тартибига риоя қилмаган - Парламент

Фото: supcourt.uz

26 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашида парламент қуйи палатаси Кенгаши аъзолари «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини  мажлис кун тартибидан чиқариш тўғрисида таклиф киритишди.

Олий суд томонидан киритилган ушбу ҳужжат лойиҳаси жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутади. 

Маълум қилинишича, Лойиҳада мазкур қонуннинг қабул қилиниши молиявий харажатларни талаб қилмаслиги кўрсатилган. Бироқ, қонун нормаларини амалга ошириш, яъни ваколатли органлар томонидан жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан шахсни, унинг турар жойи ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш, унга индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш, уни вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш, бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларини алмаштириш ва қиёфасини ўзгартириш каби хавфсизлик чораларининг қўлланиши молиявий харажатларни талаб этади.

Демак, мазкур қонун лойиҳаси “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасига мувофиқ, агар давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари туркумига кирганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу масалага доир хулосаси билан биргаликда Қонунчилик палатасига киритилиши шарт эди.

Ушбу қонун лойиҳасининг ташаббускорлари мамлакатимизда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовуз содир бўлгани ҳолати бўйича маълумотларни таҳлил қилиб, битта иш ёки бир шахсга нисбатан ҳимоя чораларини қўллашнинг тахминий харажатларини ҳисоблаб чиқиш лозим эди. Шу билан биргаликда, ушбу турдаги жиноятлар содир этилгани тўғрисидаги статистик маълумотлар ҳам келтирилиши қонун қабул қилишнинг заруриятини асослашда муҳим аҳамият касб этар эди.

Бундан кўринадики, қонунчилик ташаббуси субъекти ҳисобланган Олий суд мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни парламент қуйи палатасига киритиш тартиб-таомилларига риоя қилмаган. 

Шунга қарамай, масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам юзага чиққан. 

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси ижрочи котиби Баҳромжон Бурхониддиновнинг таъкидлашича, Жиноят-процессуал кодексида жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар мавжуд. Бироқ ҳимоя чоралари тизимини аниқлаш механизми, шунингдек, уларни қўллаш асослари ва тартиби қонун ҳужжатларида белгиланмаган.

Шунингдек, коррупцияга қарши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакетига «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги (1.01.2018 й.) қонун лойиҳалари киритилганди.

Мавзуга оид