Ўзбекистон | 12:42 / 27.07.2018
13594
4 дақиқада ўқилади

Ҳужжатлар ва ордер ўрнига давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома

Фото: Depositphotos

Ер кодекси ва “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар (24.07.2018 йилдаги ЎРҚ-487-сон) киритилди ва 3 ой ўтгач кучга киради.
 
Norma’нинг ёзишича, биринчидан, давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ҳуқуқни белгиловчи ягона ҳужжат бўлади.
 
Ҳозирги вақтда қонун ҳужжатларида ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган 7 турдаги ҳужжатлар мавжуд:

1. ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
2. ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
3. ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
4. ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
5. ер участкаси ижараси шартномаси ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш шартномаси;
6. ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома;
7. ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома.
 
Бунда охирги кўрсатилган ҳужжат - давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома – ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши ёки бошқа шахсларга ўтишига доир барча ҳолларда расмийлаштирилади, чунки кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (ФКнинг 84-моддаси). Яъни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома давлат ҳужжати ва ордери ёки ижара шартномаси ёки ердан муддатли фойдаланиш шартномаси билан бир қаторда зарур.
 
Киритилган тузатишлар билан қонун чиқарувчи ер мулкдорларини, эгалик қилувчиларни ва фойдаланувчиларни қўшимча ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар – давлат ҳужжатлари ва давлат ордерларини олиш заруратидан озод қилди (юқоридаги рўйхатнинг 1-4-бандлари). Ер участкаси жойлашган жой бўйича давлат рўйхатига олиш ва давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳномани олиш кифоя.
 
Рўйхатга олиш маълумотлари  Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимларнинг давлат реестрига (ҳозир – туман ёки шаҳар ер-кадастр дафтари) киритилади. Бунинг устига давлат рўйхатига олинадиган муддат зарур ҳужжатлар илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан 10 дан 2 кунлик муддатга қисқартирилди.
 
Ижара ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш илгаригидек тегишли шартнома (юқоридаги рўйхатнинг 5-6-бандлари) асосида амалга оширилади. Гарчи расман бу шартномалар ҳуқуқни белгилаш функцияларини бажаришни тўхтатса-да, улар тегишли ҳуқуқни рўйхатга олиш учун асос ҳисобланади.
 
Иккинчидан, ер участкаларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи, уларни ижарага олган ва мулк қилиб олганларнинг мажбуриятлари кенгайтирилади. Шунингдек улар:

• ер участкасига бўлган ҳуқуқлар мажбурий тартибда бекор қилинган тақдирда, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашлари;
• ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўришлари шарт.
 
Учинчидан, уларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни қопланмайдиган асосларга тузатишлар киритилди. Хусусан, рўйхатга ер участкаларини дафн этиш жойларини ташкил қилиш, шунингдек Давлат чегарасини жиҳозлаш эҳтиёжлари учун олиб қўйиш киритилди.
 
Қонун 26.10.2018 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид