Интерполнинг Ўзбекистондаги ММБ бошлиғи: Экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун 1098 нафар шахс қидирилмоқда
Ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада ривожланяпти. Замонавий транспорт воситаларида бир кун ичида жаҳоннинг исталган бурчагига етиб бориш мумкин. Ана шундай бир шароитда жиноятчиликка, айниқса, унинг уюшган, трансмиллий турларига қарши давлатлар биргаликдагина муваффақиятли курашиши мумкин.
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг маълум қилишича, мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг бу борада хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини таъминлашда Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросининг ўрни беқиёс. Ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳақида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси бошлиғи, полковник Рустам Исроилов қуйидагиларни гапириб берди.
– Ўтган давр мобайнида тегишли хизматлар ва бошқармалар билан ҳамкорликда қидирувда бўлган жиноятчиларни ва транспорт воситаларини аниқлаш ҳамда бир қатор юридик ва жисмоний шахсларни тегишли ҳисоблар орқали текшириш ишлари амалга оширилди.
Интерпол ММБнинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ахборот алмашинувини ташкил қилиш ҳисобланади. 2018 йилнинг иккинчи чорагида Интерпол ММБга келиб тушган ҳужжатлар 7 фоизга, жўнатилган ҳужжатлар эса 4,5 фоизга ошди. Уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимидаги ҳудудий ички ишлар идоралари, хорижий давлатлар ММБлари ҳамда Интерпол Бош котибияти билан ахборот алмашинуви ҳужжатлари ташкил қилади.
Юқоридаги рақамларни таҳлил қилсак, ҳозирги кунда Интерпол ММБга асосан терроризм ва экстремизм, шахсга ва мулкка қарши жиноятлар, ноқонуний миграция ва фоҳишабозлик, иқтисодий жиноятлар ва қалбаки пулларни тайёрлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятчилик турлари бўйича энг кўп сўровлар келиб тушганлигини кузатишимиз мумкин.
Ана шу сўровлар асосида халқаро қидирув эълон қилиниб, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этиб, чет элларда яшириниб юрган бир қанча юртимиз фуқаролари қўлга олинди.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этиб, чет эл давлатларида қочиб юрган шахсларни аниқлаш борасида соҳавий хизматлардан ММБга келган сўровлар асосида ҳозирги кунда Интерпол каналлари бўйича 131 нафар шахсга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.
Экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар йўналиши бўйича ҳам бюрога ҳудудий ички ишлар органларидан кўплаб сўровлар келиб тушди. Улар ўз вақтида ўрганилиб, ўрнатилган тартибда хорижий мамлакатларнинг Миллий марказий бюроларига жўнатилиб, ижроси ММБ раҳбарияти томонидан назоратга олинган. Бугунга қадар ушбу жиноятларни содир этгани учун Интерпол каналлари бўйича жами 1098 нафар шахс қидирилмоқда. Уларнинг 175 нафари чет эл давлатларида эканлиги аниқланган. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида бу турдаги жиноятларни содир қилган 54 нафар шахсга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинди.
Автотранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар йўналиши бўйича келган сўровлар асосида 78та автотранспорт воситаси ҳисоблар орқали текширилди. Аниқланган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот марказининг марказлаштирилган ҳисобига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тегишли ҳисобларига назоратга олиш учун тақдим этилди.
Бюронинг асосий вазифаларидан яна бири Интерпол Бош котибияти томонидан ташкил этиладиган ўқув семинарлари ва конференцияларда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг иштирокини таъминлашдан иборат. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Франция, Испания, Таиланд Қироллиги, Германия, Корея Республикаси каби мамлакатларда ўтказиладиган 11дан ортиқ бундай тадбирларга Интерпол Бош котибиятидан таклифномалар олинди. Бу борада ИИВ раҳбариятига ахборот бериш учун вазирликнинг Халқаро ҳамкорлик бошқармасига тегишли материаллар тақдим этилди.
Мавзуга оид
23:39 / 12.11.2024
Бангладеш Интерполдан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олишда ёрдам сўради
23:05 / 06.11.2024
Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди
18:29 / 03.09.2024
“Кўз ўнгимда дўстимга ўқ тегиб, жони узилди”: Сариосиё жангларида қатнашган ҳарбий ҳикояси
18:07 / 02.08.2024