18 йиллик абитуриент бу йил қизи билан ўқишга ҳужжат топширди
Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчасида яшовчи Анвар Бекмуродов 40 ёшда. У 18 йилдан буён талаба бўлишни орзу қилиб, ҳар йили Самарқанд шаҳридаги олийгоҳларга ҳужжат топширади, аммо омади чопмайди. Унинг шунча йиллик уринишлари бесамар кетса-да, умиди сўнгани йўқ.
«Мен 1995-96 йилларда СамДУ ҳуқуқшунослик факультетига, ундан сўнг 5 йил давомида шу олийгоҳнинг тарих факультетига, 2 йил СамДАҚИга,1 йил Самарқанд Давлат қишлоқ хўжалиги институтига, 2011-2018 йиллар давомида СамДУнинг мусиқа факультетига ҳужжат топшириб келяпман. Олий маълумот олишни жуда-жуда орзу қиламан. Бу йил ҳам мусиқа факультетининг сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим», дейди Анвар Бекмуродов.
Унинг айтишича, ўтган йиллар мобайнида тест имтиҳонлари жавобидан норози бўлиб, икки марта апелляция текширувига берган. Аммо Давлат тест маркази томонидан хатолик аниқланмаган.
«Ҳар қайси абитуриет тест синовларидан йиқилганда, унга нисбатан адолатсизлик қилингандек туюлаверади. Инсоннинг дунёқараши шунақа. Мамлакатимиз президенти ташаббуси билан бу йилги имтиҳонлар янгича тарзда ташкил этилмоқда. Мен олдиндаги синовлар шаффоф ўтишига ишонаман», дейди 18 йиллик абитуриент.
Жорий йилда қаҳрамонимизнинг 17 ёшли қизи Нозанин Бекмуродова ҳам Самарқанд Давлат Тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширди.
«Абитуриентлик гаштини суриш борасида республикамизда рекорд ўрнатган бўлсам керак. Қизи, келини билан бирга фарзанд кўрган оналарни эшитгансиз, аммо менга ўхшаб қизи билан бирга талаба бўлиш ниятида юрган ота орамизда топилмаса керак», дейди тажрибали абитуриент.
Анвар Бекмуродовнинг 4 нафар фарзанди бор. Шу вақтгача маълумоти ўрта бўлгани сабабли, ёлланма меҳнат эвазига оиласини тебратиб келади. У келажакда ўқитувчи бўлишни орзу қилади.
Нима учун айнан мусиқа факультетини танлагани ҳақидаги саволга у қўйидагича жавоб берди: «Мен яхши ўқитувчи бўлиб, ёшларга эзгуликдан дарс бермоқчиман. Бугунги глобаллашув жараёнида мактабларга эзгуликни фан сифатида жорий қилиш керак. Эзгулик, меҳр-оқибат тушунчалари кейинги пайтларда йўқолиб борётгани рост. Уни мусиқа оҳанглари ёрдамида инсонни қалбига жойлаш осонроқ».
Орзу инсонни кўкларга кўтаради. У шунчалик илоҳий тўйғуки, яшашга, интилишга ундайди. Анвар Бекмуродов ҳам орзуси кетидан эргашиб, интилиб яшаётган юртдошларимиздан бири. У бу йил имтиҳонларда омади чопиб, ҳатто контракт асосида талаба бўлган тақдирда ҳам, таълим кредити олиб ўқишини айтди.
Бахтигул Қаршиева
журналист
Мавзуга оид
15:10 / 07.12.2023
Аввал тест ишлаб, кейин қаерда ўқиш танланади – 2024 йилдан абитуриентлар қабули ўзгаради
15:07 / 03.11.2023
Умумтаълим фанларидан ўқишга тавсия этилган дарсликлар рўйхати эълон қилинди
15:01 / 21.09.2023
Максимал балл тўплаб контрактга кирган талабалар грантга ўтказилади
08:22 / 12.09.2023