Yildirim Group раҳбари компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳақида гапириб берди
Туркия компанияси Тошкент аэропортининг «реабилитацияси» билан шуғулланади. Бу ҳақда Yildirim Group бош директори Роберт Йилдирим Forbes Kazakhstan’га берган интервьюсида хабар қилди.
Биринчи лойиҳа - умумий қуввати 100 МВт бўлган қуёш ва шамол станциясининг қурилиши.
Келажакда компания Тошкент вилоятининг Қибрай туманида давлат-хусусий шерикчилик асосида 600 МВт қувватли кўмир ва газ электростанциялари қуришни хоҳламоқда. Бунга 1,2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтириш режалаштирилган.
Иккинчи лойиҳа - Тошкент аэропортини тиклаш.
«Апрель ойида мен президент Эрдўған делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюриб, иккита лойиҳани имзолаган эдим. Бизнинг президентга Ўзбекистонга эркин бозор яратиш ва ўсишда ёрдам беришга ваъда қилдим», - дея изоҳлади Йилдирим.
Бундан ташқари, компания кальцинацияланган сода заводларига эътибор қаратмоқчи. Yildirim Group раҳбарининг сўзларига кўра, улар Ўзбекистонда бор, бироқ ёмон ишлаяпти:
«Ўзбекистон ҳукумати билан Марказий Осиёда минтақавий сода саноатини яратиш учун қозоғистонлик сармоядорлар билан бирга бирлашиш ва уларни ўзимизга олиб, қайта тиклаш ҳамда экспорт қилиш борасида музокаралар олиб бормоқдамиз», - деди Йилдирим.