Жамият | 13:05 / 01.08.2018
32043
4 дақиқада ўқилади

У силни қандай қилиб енгди — ўзини даволаган ва бошқаларга ёрдам бераётган йигит ҳақида ҳикоя

Фото: getty images

Сарвар кунни маҳаллани айланиб чиқиш билан бошлайди. Асосан, чет элдан қайтган меҳнат муҳожирлари билан мулоқотда бўлади. У икки йилдан буён аутрич вазифасида ишлаб келмоқда. Бу — чет элда меҳнат фаолияти юритиб кайтган фуқароларда сил касаллиги бор ёки йўқлигини аниқлаш учун тиббий кўрикка жалб қилиш дегани.

31 ёшли Сарвар бу ишни қилишдан асосий мақсади — сил касаллигига чалинган беморларни барвақт аниқлаш, уларни даволанишга таклиф қилиш ва бу касалликнинг давоси борлигига ишонтириш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш. Чунки Сарвар бу касалликни ўз бошидан ўтказган. У бундай беморлар қанчалик меҳр- мурувватга муҳтожлигини бутун вужуди билан ҳис қилади. У ҳаётга эркин нигоҳ билан боқади.

— Мусофирчиликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўяркан, —дейди Сарвар. — Мен қисқа муддат (беш ярим ой) давомида Россияда ишлаб, шу ерда яшадим. Иш шароитим оғир эди. Аниқ ва узоқ муддатли ишим ҳам йўқ эди. Яшаш манзилим, доимий рўйхатим йўқлиги, муҳожир бўлганлигим сабабли жуда қийин шароитда яшашга мажбур бўлдим.

Айниқса, ўттиз етти кун ертўлада — зах шароитда яшаганим сабабли соғлигим ёмонлашди. Дастлаб қисқа йўтал, ҳолсизланиш, иситмамнинг кўтарилиши мени хавотирга сола бошлади. Ишсиз қолишимдан қўрқиб, соғлигимга аҳамият бермадим. 1 ой ичида йўталим кучайиб, иштаҳам йўқолди. Тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Соғлигим ёмонлаша бошлагани сабабли уйга қайтишга мажбур бўлдим.

Токи синглимнинг дугонаси Комила келиб, менга сил касаллиги ҳақида маълумот берганга қадар, уйда анча вақт кўрпа-тўшак қилиб ётдим. У менга шифохонага бориб тиббий кўрикдан ўтишим кераклигини тушунтирди. Шундан сўнг шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги аниқланганлигини билдим.

Сарвар касалланганлигини билгач, қаттиқ руҳий тушкунликка тушди. Сил касаллиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса-да, бу касаллик тўғрисида салбий гап-сўзларни кўп эшитганди. Эрталабгача мижжа қоқмади. «Энди нима бўлади, оила-аъзоларим, турмуш ўртоғим менга қандай муносабатда бўлади, айниқса қўшнилар нима дейди»,  деган ҳар хил саволлар унинг хаёлидан ўта бошлади.

Узоқ ўйлаб, турмуш ўртоғига касаллиги ҳақида маълум қилди. Аёли бир лаҳза чуқур ўйга толиб, зудлик билан Сарварнинг кийимларини йиғиштира бошлади. Сарвар бу ҳолатдан ҳайратланиб, хотини нима қилаётганлигини тушунмади. Аёли кийимларини йиғиштириб бўлгандан сўнг, Сарварнинг шифохонада ётиб даволаниши кераклигини айтди.

Шундан сўнг Сарвар шифохонада 58 кун даволанди. Даволаниш асносида у деярли ҳар кунида ўзининг ҳолатини назорат қилар, шифокор тавсия қилган дориларни мунтазам ичиш натижасида ўзидаги содир бўлаётган ўзгаришларни ён дафтарчасига қайд қилиб борар эди. Шунингдек, ҳар куни телефон камерасида ўзини суратга туширишдан ҳам чарчамасди. Ниҳоятда чеҳрасида ўзгариш бўлиб, иштаҳаси очилиб, кун-сайин аҳволи яхшиланаётганлигини ҳис қилди. Сарварни даволовчи шифокор 57 куни унинг олдига кириб, бу касалликдан бутунлай тузалганлигини айтганида, Сарварнинг кўзларида ёш қалқиди...

«Бу касалликни даволаш учун ҳар бир фурсат ғанимат. Демак, янги келган беморларга ҳам бу касалликнинг давоси борлиги ҳақида тушунтириб, бошқаларга ҳам ёрдам беришим керак».

Унинг хаёлидан ўтган нарса ҳам айнан шу бўлди. Ўзи ҳам шу дамда бу касалликни даволаш мумкинлигини тушуниб етди ва аутрич бўлиб фаолият юритишга аҳд қилди.

Бугунги кунда Сарвар бир неча беморларнинг тузалиб кетишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

— Касалликдан қутулиш учун энг аввало инсон ўзига ишониши керак. Шунда бу касаллик қўрқинчли бўлмайди, — дейди бизга ва хасталанган беморларга суҳбатдошимиз Сарвар.

Демак, сил бедаво дард эмас.

Шуҳрат Хуррамов,

журналист.

Мавзуга оид