Жамият | 17:08 / 30.10.2024
1745
2 дақиқада ўқилади

Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йил туберкулёз дунё бўйича 8 миллиондан ортиқ кишида аниқланган. Бу 2022 йилгидан қарийб 0,7 миллионга кўп эканини маълум қилган.

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти туберкулёзга чалиниш бўйича янги ҳисоботини эълон қилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, 2023 йил туберкулёз дунё бўйича 8 миллиондан ортиқ кишида аниқланган. Бу 2022 йилгидан қарийб 0,7 миллионга кўп ва бу 1995 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Жами беморлар 10,8 миллиондан ошган. 2023 йилда юқумли касалликлардан ўлим ҳолатларининг асосий кўрсаткичлари силга тўғри келган. 2023 йилда сил сабабли 1,25 миллион киши вафот этган.

Маълумотга кўра, энг кўп касалланиш Ҳиндистон (26 фоиз), Индонезия (10 фоиз), Хитой (6,8 фоиз), Филиппин (6,8 фоиз) ва Покистон (6,3 фоиз) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

ЖССТ хулосасига кўра, дунё бўйлаб туберкулёзнинг дориларга чидамли турлари кенг тарқалиши “инқироз омили”дир. ЖССТ силнинг ривожланиш хавфини оширадиган 5 асосий омилни санаган. Булар — тўйиб овқатланмаслик, ОИВ инфекцияси, спиртли ичимликлар асоратлари билан боғлиқ касалликлар, чекиш ва қандли диабет.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда туберкулёзни даволаш самарадорлиги кейинги йилларда 90 фоизга етказилганини маълум қилган. Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистонда туберкулёз билан касалланиш даражаси 1,5-2 баробар, ўлим ҳолатлари 6-8 баробар камайган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда силга мойил болалар мактаб-интернатлари тугатилаётгани мактаб ўқувчилари ва ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлганди

Мавзуга оид