Ўзбекистон | 12:38 / 02.08.2018
6901
5 дақиқада ўқилади

Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилот ходимлари аттестациядан қандай ўтказилади?

Фото: depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилот ходимларини тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, ташкилотлардаги ходимларни аттестациядан ўтказишнинг мақсади -  ташкилотлардаги ходимларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш имконияти мавжудлигини аниқлаш.

Саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият юритувчи ходимларни тайёрлаш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг “Контехназоратўқув” илмий-техник маркази давлат унитар корхонасида ёки ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлган махсус тайёрлаш ўқув курсларида амалга оширилади.

Саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият юритувчи ходимларни тайёрлаш ўқув дастурлари ва аттестация саволлари  Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан ўрнатилган тартибда келишилиши лозим.

Ходимларни тайёрлаш саноат тармоқлари бўйича амалга оширилади. Тайёрлаш ўқув курслари тўлиқ тамомланганидан сўнг, ходимлар ўқув курсларида синовдан ўтказилади. Синов ёзма, тест ёки оғзаки кўринишида ўтказилиши мумкин. Синовдан ўта олмаганларга бир маротаба синовни қайта топширишга рухсат берилади. Қайта синовдан ўта олмаганлар ўқув курсини такроран ўтайдилар.

Ходимларни аттестациядан ўтказиш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг марказий комиссияси (бундан кейинги ўринларда СХДҚ  комиссияси деб юритилади), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг минтақавий аттестация комиссияси (бундан кейинги ўринларда СХДҚми  комиссияси деб юритилади) ва ташкилотларда тузилган доимий ҳаракатдаги аттестация комиссиялари (бундан кейинги ўринларда ДҲК комиссияси деб юритилади) томонидан бирламчи, даврий ёки навбатдан ташқари кўринишларда амалга оширилади.

Узоқ вақт (бир ойдан ортиқ) даволанаётган ходимлар, ҳомиладорлик таътилидаги, уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилидаги аёллар - ишга чиққанларидан сўнг камида икки ойдан кейин аттестациядан ўтказилади.

Ходимларни аттестациядан ўтказиш учун ташкилот Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг СХДҚ ёки СХДҚми  комиссияларига бирламчи, даврий ёки навбатдан ташқари  кўринишларини ҳамда ходимларни лавозими, маълумоти, СТИР  ва рўйхатини аниқ кўрсатган холда ариза билан мурожаат қилади.

Тақдим этилган аризада камчиликлар аниқланган тақдирда СХДҚ ёки СХДҚми комиссиялари томонидан ходимни аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ушбу қарорнинг нусхаси бир иш куни муддатда ташкилотнинг бевосита вакилига топширилади ёки почта орқали юборилади.

Ходимларни бирламчи аттестациядан ўтказиш суҳбат шаклида ўтказилади. Аттестация комиссияси аъзолари ходимга қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатларни билиши бўйича, шунингдек, бевосита ходимнинг функциялари ва мажбуриятларини бажариши юзасидан саволлар берадилар.

Ходимларга қўшимча равишда қўйидаги саволлар берилади:

а) саноат хавфсизлигининг умумий талаблари;
б) лавозим йўриқномалари, технологик регламентлар (йўриқномалар), аварияни локализация ва ликвидация қилиш режалари, аварияга қарши системалар ва режимлар;
в) аварияга қарши ҳимоя воситалари, техник хавфсизлик воситаларининг тузилиши ва ишлатиш принциплари;
г) қурилмалар, ҳимоя воситалари ва назорат ўлчов асбобларининг тузилиши, уларни ҳаракатга келтириш ва улардан фойдаланиш;
д) асосий ва қўшимча қурилмаларни хавфсиз ишлатиш шароитлари;
е) ҳимоя воситаларидан фойдаланиш усуллари;
ж) жабрланганларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш усуллари.
  
Ходимларни даврий ёки навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш компьютер дастурлари ёрдамида тест ёки ёзма равишда амалга оширилиши мумкин.

Ҳар бир хавфли ишлаб чиқариш объекти мавжуд бўлган ташкилотларда ходимларни аттестациядан ўтказиш учун ДҲК комиссияси тузилиши шарт. ДҲК  комиссияси СХДҚ ёки  СХДҚми  комиссияларида аттестациядан ўтишлиги лозим.

Ташкилотларнинг ДҲК  комиссиясида ўз ходимларни аттестациядан ўтказиш ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Аттестациядан ўтиши лозим бўлган ходимлар жадвал билан таништирилиши лозим. Ташкилот раҳбари хат билан жадвалнинг бир нусхасини илова қилган холда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига аттестациядан ўтказиш кунини белгилаш мақсадида мурожаат қилади. Уч иш куни муддатда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси аттестациядан ўтказиш кунини белгилайди.

Ходимларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш қўйидаги ҳолларда амалга оширилади:

саноат хавфсизлиги соҳасида норматив – ҳуқуқий актлар ва норматив техник ҳужжатлар қабул қилинганда ёки саноат хавфсизлиги ҳамда ер ости бойликларини муҳофаза қилиш талаблари ўзгарганда;
илгари қўлланилмаган янги техник қурилмалар ёки технологиялар киритилса;
ходим бир йилдан ортиқ муддатга ишдан ажралган ҳолларда;
ходимлар саноат хавфсизлиги соҳасида белгиланган талаблар бўйича етарли даражада билимга эга эмаслиги аниқланганда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатли шахсининг тақдимномасига биноан ўтказилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид