Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида, таълим сифатини ошириш ва тубдан янгилаш, туризмни ривожлантириш, инвесторларни жалб этиш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда катта ишлар қилинмоқда. Айниқса, халққа мана шу тарихий жараёнларда иштирок этишга, ислоҳотларга назарий ва амалий ҳисса қўшишга чет элда мен каби яшаётган ўзбекистонликларга ҳам имконият берилаётгани жуда қувонарли ҳол.

Шу маънода мен ҳам мана шу жараёнга ўз ҳиссамни қўшишга қарор қилдим ва ушбу мақола орқали дунёнинг илғор мамлакатларидан бири бўлган АҚШнинг 1935 йилдан бери амалда қўлланиб келинаётган бир тажрибаси ҳақида ўртоқлашишни лозим топдим. 

Гап ижтимоий муҳофаза рақами (social security number) яъни, яшовчига умрбод бериладиган шахсий рақам ҳақида кетмоқда. 

Хўш, ижтимоий муҳофаза рақами (ИМР) ўзи нима ва бу тизим фойдаланувчиларга қандай афзаллик ва шароит яратиб беради? 

Мисол қилиб шахсан ўзим 8 йилдан буён АҚШда илм олиб, истиқомат қилиб келмоқдаман. Ижтимоий муҳофаза қилиш рақамлари АҚШда доимий ва вақтинча яшовчи ҳамда ишловчи инсонларга бериладиган 9 рақамдан иборат оддийгина бир карта ёки бир кичик қоғоз. 

Бу рақам АҚШ федераль ҳукуматининг мустақил агентлиги бўлган Ижтимоий таъминот бошқармаси томонидан берилади. Ижтимоий таъминот рақамларининг асосий мақсади ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўлсада, амалиётда у солиққа тортиш ва бошқа мақсадлар учун ҳақиқий миллий идентификация (шахсни аниқлаш) рақамига айланиб бўлган.  

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш рақамини махсус форма тўлдириш орқали олиш мумкин. Ҳозирги куннинг ўзида АҚШда 453 миллиондан ортиқ ижтимоий муҳофаза рақамлари ҳужжатлаштирилиб бўлинган.

Бундай ИМРнинг Ўзбекистон шароитида жорий қилишнинг афзалликлари нимада ва бу билан қандай муаммоларимиз ечим топади?

Тасаввур қилинг, биргина кредит олиш учун банкка бордингиз, керакли ҳужжатларни йиғиб топширишингиз учун сизга бир неча кун ва ҳаттоки бир неча ҳафта керак бўлади. Бундан ташқари, керакли ҳужжатлар тўлиқ топширилгандан сўнг банк ҳужжатларингизни кўриб чиқиши учун яна бир неча кун кутишингиз керак. Узоқ кутиш, ҳужжатларни тўплашдаги қоғозбозликлар ҳеч кимга ёқмайди ва афсуски, кутиш туфайли олтиндан қиммат вақтни йўқотиш халқимиз учун оддий ҳолга айланиб қолди.