Яна чақирувга борган тез тиббий ёрдам врачини калтаклашди: бунга нима сабаб бўлди?
Жамиятнинг зиёлилар синфига мансуб, фаолияти инсонларга яхшилик қилиш бўлган тиббиёт ходимини аҳоли томонидан уриб, калтаклангани ҳақида ёзишнинг ўзи қийин.
Кеча, 3 август куни соат 16:30 ларда Фарғона вилояти, Олтиариқ туман Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги Полосон шаҳарчасида ишлаб турган тез тиббий ёрдам шохобчасига Мозортаги кўча, 50-уйдан чақирув бўлади.
Шохобчанинг навбатчи врачи Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусановалар чақирувдан 5-10 дақиқалар ўтиб хонадонга етиб боришади. Врач ҳовлига дарвозадан кириб бориши билан хонадон эгаларидан бири бўлган ёш навқирон йигит югуриб келиб, врачнинг бошига қаттиқ зарба беради. Кучли зарбдан қулоқ пардаси шикастланиб, мияси чайқалган тиббиёт ходими йиқилади. Уй эгалари врачни ҳушига кела олмаётганини кўриб, ҳамширани ичкарида хонадаги 1948 йилда туғилган, 70 ёшли беморни олдига олиб кириб кетишган.
Врач ташқарида ўзига келгач, ёш ҳамшира қиздан хавотир олиб, ичкарига, беморнинг олдига киради. “Кирганимда шунга гувоҳ бўлдимки, отахон анча вақт олдин уйқусида вафот этган. Ияги боғланган, хонадонга одам тўпланиб, йиғи-сиғини ҳам бошлашган экан. Иш фаолиятимизда бундай ҳолатлар учраб туради. Беморни қариндошлари, ҳали ҳам яшаб кетишига умид боғлаб: “Яна бир кўринглар, балки юраги уриб кетар”, деб чақиришади”, - дейди врач Шуҳратбек Сирожиддинов.
Сўнг бошига берилган зарбадан мияси чайқалиб, чап қулоғи эшитмай қолган врачга ҳамшира биринчи ёрдам кўрсатади. Айни пайтда шифокор Олтиариқ шошилинч тиббий бўлимида ётибди. Мия чайқалиши, қулоқ пардаларининг шикастланиши билан ўрнидан турмай даволанаётган врач билан суҳбатлашиб, воқеага ойдинлик киритдик.
Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича суриштирув ишларини бошлаган туман ИИБ участка профилактика инспектори Муҳиддин Тешабоевга қўнғироқ қилдик. “Ҳақиқатда, 3 август куни чақирувга борган тез тиббий ёрдам врачи Шуҳратбек Сирожиддинов билан боғлиқ воқеа бўйича иш очилган. Ҳозир суриштирув ишлари олиб бориляпти. Шунинг учун бошқа ҳеч қандай маълумот бера олмайман”, - дейди инспектор.
Биз бўлиб ўтган нохуш ҳолат бўйича мақола тайёрлашда фақат бир тараф - врач Шуҳратбек Сирожиддиновнинг сўзларига таяндик. Тафсилотлар суриштирув ишлари якунлангач ойдинлашади. Айбдорлар аниқланиб, тегишли жазосини олишига шубҳамиз йўқ.
Лекин узоқ йиллар олийгоҳ аудиторияларда машаққат билан илм олиб, инсонларга кўмак бериш касбини танлаган оқ либосли шифокорларни ҳимоялаш учун алоҳида ҳужжат қабул қилиш керакка ўхшайди. Яна масъулиятли касб эгаларига нисбатан бугунги жамиятнинг муносабатини ўзгартиришишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Шу кунларда Олтиариққа бориб, воқеа тафсилоти ва суриштирув ишлари натижалари билан танишиб қайтишни режалаштирганмиз.
Мавзуга оид
14:42 / 28.09.2024
Фарғонада эркак қариндош аёлни дўппослади
09:28 / 03.09.2024
“Қопга тупроқ-лой солиб, тепаликка таширдик” – Катта Фарғона канали қазилишида қатнашган 109 ёшли Шаҳрихон момо
10:53 / 24.03.2024
“Тупроқни қопларга солиб таширдик” – Катта Фарғона канали қазилишида иштирок этган 111 ёшли Салимахон момо ҳикояси
13:22 / 03.03.2024