Ўзбекистон | 21:40 / 06.08.2018
23194
1 дақиқада ўқилади

Ҳарбий суд раиси номзоди тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар академияси мажлислар залида Ўзбекистон президентининг топшириғи ижросини таъминлаш юзасидан кенгайтирилган тарзда видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Мудофаа вазири Абдусалом Абдумавлянович Азизов ҳам иштирок этди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан кейин Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислиги учун номзод муҳокама қилинди.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, Садриддин Бавабекович Эшанқулов Ҳарбий суд раислигига тасдиқланиши учун розилик берилган. Энди бу номзод Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон президентига лавозимга тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг майида ҳарбий ҳайъат раиси Раҳимжон Обидов Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Шоюнус Ғозиев ва унинг ўринбосарлари қаторида лавозимдан озод этилган, шундан буён бу лавозим бўш қолаётганди.