Ўзбекистон | 20:55 / 06.08.2018
22094
4 дақиқада ўқилади

Бугунги имтиҳонларда яна 185 нафар абитуриент четлатилди. Бундай абитуриентлар сони 1634 нафарга етди

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг олтинчи куни - 6 августда ўтказилди ва тўлиқ якунланди. 

Тест синовларининг олтинчи куни республикадаги 16та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8.00дан бошланиб, 11.30га қадар ва 2-сменада 15:00 дан бошланиб, 18:30 га қадар тўлиқ якунланди. 

Тест синовлари ўтказиладиган 57та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди. 

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар сони кўпайтирилди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 нафар шахсий таркиб ходимлари, 1206та алоқа воситалари, 694та металлодетекторлар, 289та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 394 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди. 

Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва даҳлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди. 

Тест синовларида 16 та олий таълим муассасаларининг 58 та таълим йўналишида 57 минг 856 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1441 нафар абитуриент тест синовларига келмади. 

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 185 нафар абитуриент, шундан 110 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 75 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан кечаси 2:00да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади. 

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

6 август тест натижалари 7 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест маркази сайтида эълон қилинади.

Республикада тест синовлари 1-15 август кунларига режалаштирилган. Ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.

Маълумот учун, 1-5 август кунлари ўтказилган тест синовларида 290 минг 44 нафар абитуриент қатнашганди.

6442 нафар абитуриент тест синовларига келмади ёки кечикиб келгани учун киритилмаган, 1449 нафар абитуриент тартиб қоидаларини бузгани учун четлатилганди.

Шундан 807 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга урингани учун, 692 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга урингани учун четлатилганди.

Эндиликда имтиҳонларга келмагани ёки кечиккани учун киритилмаган абитуриентлар сони 7882 нафарни, четлатилганлар сони эса 1634 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид