Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон мундиалга саралаш циклини илк марта ягона мураббий қўл остида ўтказади
Ўзбекистон терма жамоасининг ҳисоб бўйича 24-мураббийи – Эктор Купер бугундан ўз лавозимига киришади. Хабарингиз бор, терма ўз тарихида ҳали бирор марта ЖЧ саралашини ягона мураббий қўл остида ўтказган эмас.
Мураббийлар алмашинуви сабаб якунда муваффақиятсизлик учун ким масъулиятни елкасига олиши масаласи доим баҳсларга сабаб бўлган. Бугунги матбуот анжуманида ЎФА халқаро алоқалар бўлими раҳбари Диёр Исаметдинов шу масалага ойдинлик киритиб, Осиё кубоги финал босқичи ёки Токио олимпиадаси йўлидаги эҳтимолий муваффақиятсизлик мураббийнинг истеъфосига сабаб бўлмаслигини маълум қилди.
«Хабарингиз бор, Жаҳон чемпионати саралаши 2021 йил ноябрига қадар давом этади. Ўша муддатда агар ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилган бўлса, шартнома ўз-ўзидан бир йилга узаяди. Акс ҳолда, мураббий билан хайрлашамиз.
Албатта, бунга қадар ҳам мураббий олдига қўйилган бошқа вазифалар бор. Масалан, Токио олимпиадасига йўлланма олиш. Бироқ мураббийнинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, бу қатъий талаб эмас. Секин-аста ёшлар билан ишлашни ҳам йўлга қўйишимиз керак, улар миллий терма жамоа учун база вазифасини ўтайди. Шунинг учун фақат миллий терма эмас, Олимпия жамоамизни шакллантиришга ҳам ўз ёрдамларини аямайдилар.
Осиё кубоги бошланишига 5 ойгина вақт қолди. Бу мусобақага 1-2 йилдан буён тайёргарлик кўраётган жамоалар бор. Шундай экан, 5 ой вақт ичида мураббийдан мўжиза кутишимиз тўғри эмас. Албатта, Осиё кубоги финалигача чиқишни истаймиз, лекин қолган муддатдан келиб чиққан ҳолда, буни талаб қилишга ҳали ҳаққимиз йўқ», - дея тушунтирди ЎФА расмийси.
Эктор Купер ҳам ушбу саволга муносабат билдириб, «агар ўз вазифасини бажара олмаса, қўл беришини, дўст сифатида хайрлашишга тайёр эканини» айтиб ўтди.
Матбуот анжуманида Эктор Купер Ўзбекистондаги фаолияти давомида йил бўйи узлуксиз мамлакатда бўлиши ёки хорижда яшаб, фақат йиғинлар ва муҳим вазифалар учунгина келиб туриши масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
«Мендан олдин ишлаган мураббийлар қандай йўл тутганидан бехабарман. Бу ҳақда ҳозирданоқ нимадир дейишим қийин. Испания ва Аргентинага бориб туришим мумкин. Албатта, имкон борича бу ерда кўпроқ бўлишга ҳаракат қиламан», - деди мураббий.
Ўз ихтиёрингиздаги футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиқиб ўйин услубингизни танлайсизми ёки маълум тактик схемага мос тушувчи ўйинчиларни таркибга жалб этасизми, деган саволга мураббий қуйидагича жавоб берди:
«Юқорида ҳам таъкидлаб ўтдим, бу адаптация жараёнига боғлиқ. Вақти келиб ўз ўрнига тушади. Бу икки томонга ҳам боғлиқ бўлган масала. Масалан, менинг талабларимга футболчилар жавоб бера олмаса, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Буларнинг барчаси кўриб, билиб, яхшилаб танишиб олгандан кейин ҳал қилинади».
«Биринчи навбатда тартибли жамоани шакллантиришни истайман. Агар психологик тайёргарликни гапирадиган бўлсам, албатта, буни ҳам яхшилашга ҳаракат қиламиз. Мен ўйинларни таҳлил қилиб, шуни нарсани кўрдимки, Ўзбекистон – рспективаси бор жамоа. Айрим бир ўзгартиришлар билан яхшигина психологик таъсир қилса бўлади», - дея фикр билдирди 62 ёшли мураббий.
«Агар сабр бўлса, зарур шароитларнинг ҳаммаси яратиб берилса, албатта, Жаҳон чемпионатига чиқиш мумкин. Мен кафолат беришим мумкин бўлган нарса – бу ишлаш. Қўлимдан келган барча ишни қиламан», - дея сўзини якунлади Эктор Купер.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аргентиналик мутахассис билан «3+1» схемасида шартнома тузилгани, битимнинг молиявий жиҳатлари айнан мураббийнинг илтимоси билан ошкор этилмаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
15:36 / 18.11.2021
Конго ДР миллий жамоаси Эктор Купернинг қўпол хатоси сабабли ЖЧ-2022 орзусидан мосуво бўлиш арафасида. Аслида нима бўлганди?
12:13 / 16.11.2021
«Рома»даги асосий мақсад, Моуриньонинг бошқалардан фарқи, «Пахтакор»га ўтмагани, Бабаян, Купер, Абрамов ва Катанец даври таққоси – Шомуродов билан интервью
21:50 / 01.07.2021
«Купер ҳимоя қилган футболчилар унга ортдан пичоқ уришди» — Санъат Шарипов Абрамовни ким чақиргани, Равшан Эрматов ва ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида
02:22 / 14.05.2021