«Илгари биз ибрат олаётган давлатлар ўз сиёсатини ўзгартирмоқда». Сенатор Жаҳон савдо ташкилоти бўйича фикрларини билдирди
Йирик иқтисодий ривожланган давлатлар ўртасидаги савдо уруши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришига таъсир қиладими? Шу каби мулоҳазалар ва ташкилотга аъзо бўлиш борасида фикрларини билдирган Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов масалага оптимистик руҳда баҳо бермоқда.
«Умуман, Ўзбекистонда протекционизм тенденциялари аста-секин йўқолиб бормоқда. Парламент ушбу масалага қисман аралашган. Чунки, Президентимизнинг АҚШ ташрифи чоғида, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришда Ўзбекистонга кўмак бериш бўйича Америка ҳукумати билан келишув имзоланган», дейди у.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва Жаҳон Банки гуруҳи Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ҳукумат мулозимлари ва манфаатдор томонларни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) жараёни ва унинг Ўзбекистон учун потенциал оқибатлари ҳақидаги билимларини оширишга ёрдам бериш мақсадида шу йил майда Тошкентда «Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини янгидан бошлаш» мавзусида семинар ташкил этди. Ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида яқин орада АҚШ Савдо вазирлигининг вакили Ўзбекистонга ташриф буюриши, Сенатда ташкил этилаётган учрашувда иштирок этиши кутиляпти.
«Бу масалада чуқур ўйлаб, кейин қарорга келиш мақсадга мувофиқ. Афсуски, айрим давлатларда протекционизм чоралари жорий этилмоқда. Илгари биз ибрат олаётган давлатлар ўз сиёсатини ўзгартираётган ҳолда бу масалани чуқур ўрганиш лозим», деб қайд этиб ўтган Сенат қўмита раиси.
Axios нашрига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятининг юқори лавозимдаги амалдорларига АҚШни Жаҳон савдо ташкилотидан олиб чиқмоқчилигини бир неча бор айтган.
«Шунга қарамай, Ўзбекистон тарихан савдо мамлакати ҳисобланади. Биз «Буюк Ипак йўли» ёқасида жойлашган давлатмиз, ҳозир вазият шундайки, минтақада қўшни давлатларга маҳсулотларни сотишга имкониятимиз жуда ҳам кўп. Аста-секин жўғрофияни ўзгартириш керак, бунинг учун бутун дунё ишлаётган қонунлар бўйича иш олиб бориш талаб этилади. Барибир, қачон ЖСТга қўшиламиз, бу саволга жавоб бериш қийин, чунки музокаралар энди жонланмоқда», деб қўшимча қилган Алишер Курманов.
Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигига кўра, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишнинг эҳтимолий салбий оқибатларини ҳам ўрганиб чиқиши керак.
«ЖСТга аъзо бўлишдан олдин биз бунинг ижобий жиҳатлари билан биргаликда, мамлакат иқтисодиёти учун эҳтимолий салбий оқибатларини ҳам ўрганишимиз зарур. Шунинг учун, албатта, бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур», – дейди Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров айтиб ўтди.
Мавзуга оид
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
13:43 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича АҚШ билан музокаралари расман якунланди
17:12 / 28.03.2022
Галина Саидова савдони эркинлаштириш хавфлари ҳақида гапирди. Иқтисодчилар у келтирган аргументларни рад этди
17:50 / 21.12.2021