Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саакашвили 2008 йилда Россия билан урушнинг олдини олишга урингани ҳақида айтди
Фото: Kacper Pempel / Reuters
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 2008 йилда Россия билан урушнинг олдини олишга уринган. У бу ҳақда «Эхо Москви» радиосига берган интервьюсида айтди.
«Биз уларни урушмасликка кўндириш учун барча нарсани қилдик. 2008 йил февралида Владимир Путин билан учрашганимда у шундай деди: "Хўш, йигитлар, биз Косовода қатнашяпмиз. Бу ерда сизларнинг айбингиз йўқ, аммо биз жавоб чораларини қабул қилишимиз шарт. Сизларга озгина оғриқли бўлади. Аммо ўлдирадиган эмас. Бу сизларга эмас, сизларнинг дўстларингизга қаршидир".
Унга "Нега доим бизнинг орамизга ўз одамларингизни киритасиз? Биз НАТОдан воз кечишимиз, ҳар қандай хорижий базалардан воз кечишимиз тўғрисидаги исталган меморандумни имзолашга тайёрмиз, аммо эвазига табиийки, сизнинг ёрдамингиз — Россия ва Грузия ўртасида абадий тинчлик керак. Грузия сизларга ҳеч қачон муаммо туғдирмайди", деб айтдим», — деди Саакашвили.
Путин унга гўёки «биз сизларнинг ҳудудларингизни геосиёсий йўналишингизга алиштирмаймиз» деган.
«Мен унга Жанубий Осетияда ҳеч нарса керак эмас деб ўйлагандим. Аммо Абхазия россияликларни жудаям қизиқтиришини биламан. Унга айтдим: "Мана Абхазия. Сизларда Сочи Олимпиадаси бўлади. Сизларга Сухуми аэропорти керак. Сизларга портлар, санаторийлар керак. Сизларга темирйўл керак. Келинг, бундай қиламиз. Сизларнинг Сухуми ва унинг шимолидаги барча манфаатларингизни қонунийлаштирамиз "», — деди Грузиянинг собиқ президенти. Бунинг эвазига у Россиядан 1992-1993 йилларда ҳарбий низолар вақтида бу ҳудудларни тарк этган қочоқларга Абхазияга қайтиш имкониятини беришини сўраган.
Грузиянинг собиқ раҳбари мамлакатлар ўртасидаги қуролли низонинг олдини олиш учун қилган барча ҳаракатлари самарасиз якунланганини билдирди.
Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача Грузия президенти бўлган. 2008 йилда Грузия ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетияга қўшин киритган. Россиянинг аралашувидан сўнг грузиялик ҳарбийлар низо ҳудудидан чиқарилган. Кейинроқ Москва Жанубий Осетия ҳамда Абхазиянинг мустақиллигини расман тан олган.
Мавзуга оид
18:48 / 02.02.2020
Саакашвили Украина бешта давлатга бўлиниб кетиши мумкинлигини айтди
22:13 / 27.05.2019
Саакашвили 31 май куни Украинага қайтиши мумкин
17:18 / 27.05.2019
Тбилиси суди Саакашвили ва бир неча амалдор калтакланган депутатга 77 минг доллар тўлаши тўғрисида ҳукм чиқарди
22:28 / 12.03.2019