Ўзбекистон | 12:16 / 08.08.2018
10399
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади 

7 август куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Уларга Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди, ҳарбий-техника йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикрлар алмашилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолади ва жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг нақадар муҳим эканлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига уюштирган ташрифи тарих зарварақларига муҳрланди ва ушбу воқеа икки мамалакат ўртасидаги ҳамкорликнинг давомий ривожланишига ижобий туртки бўлди», — деди А.Азизов.

Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири ўз нутқида мамлакатлар ўртасида мудофаа соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантиришнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.

Тожикистон Республикаси мудофаа вазири илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди. У Ўзбекистон Қуролли Кучлари минтақадаги энг кучли ва замонавий қурол-аслаҳаларга, Ўзбекистон армиясининг ҳарбий хизматчилари жанговар ўқув машғулотлари борасида яхши базага эга эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари учрашувда шу йилнинг ўзидаёқ кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга ва давлатлараро мақсадли режаларни амалга оширишга эришилгани айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида Тожикистон мудофаа вазири ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларини мураккаб шароитда қўшма ўқув машғулотларида иштирок этиш ва армия жамоалари ўртасида спорт ҳамда маданий тадбирларни ўтказишга таклиф билдирди.

Учрашув якунида икки мамлакат мудофаа идоралари раҳбарлари ўзаро 2018 йилги ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид